Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Янги ҳаёт учун Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” Марҳамат туманида давом этди.
Тумандаги “Келажак нури” кутубхонасида таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари, маърифат тарғиботчилари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокида ўтказилган “Маънавият соати” тадбири “Янги Ўзбекистон” деб номланган видеоролик намойиши билан бошланди.
Шундан сўнг “Янги Ўзбекистон давлати” китоби ҳамда “Янги Мўйноқ” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда ушбу китобларнинг мазмун-моҳияти, халқимиз маънавий ҳаётидаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.
“Маънавият соати” тадбирида сўз олганлар томонидан иштирокчиларга Янги Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқлар, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг аҳамияти ва самаралари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона ва хуш кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА