Бу йирик корпорациялар ва монополияларга қарамликни камайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг ёшлар кириб келаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етиши кутилмоқда.

Шу боис ёшларга сифатли таълим бериш, касб -ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни маҳаллада ташкил этиш бўйича вертикал бошқарув тизими яратилди. 9 минг 500 маҳаллага фидойи ва ташаббускор ёшлар етакчилари тайинланди. Бу тизим орқали ёшларга юздан ортиқ имконият яратилди, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап – лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижаларини рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди.

Ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилди. Мазкур тизимда ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун кўмак кўрсатилмоқда. Уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари ва ғоялари амалга оширилишида қулай шарт-шароитлар яратилди.

«Стартаплар» ташкил этиш мақсадида бизнес – инкубатор вазифаларини амалга ошириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш, ёшларга ўз инновацион ишланмаларини ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш жорий этилди.

Банд бўлмаган, шу жумладан, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 13 июндаги “Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан Ёшлар саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн – аукцион орқали ижарага беришда бошланғич нархи бўйича тўловларни 12 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти белгиланди.

Бугунги кунда мазкур зоналарда ёш тадбиркорлар томонидан қиймати 2,1 триллион сўмлик 860 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 21 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, яна 184 гектар майдонда қиймати 2,1 триллион  сўмлик 1,5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга тушгач, 23 минг янги иш ўрни яратилади.

Ушбу зоналарда ёш тадбиркорларнинг фаолияти йўналишлари жуда кенг кўламга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника саноати, ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ёш тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма томонидан молиялаштириладиган кредитлар шартларига тўхталсак, суммаси 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, муддати 7 йил, фоиз ставкаси 14 (миллий валютадаги кредитлар учун) фоиз ва валютадаги кредитлар учун эса 3 фоиз ставка белгиланган.

Агар инвестиция лойиҳалари миқдори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлса, ортиқча қисми учун ҳам кредит олиниши тартиби белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мамлакат тараққиётининг муҳим воситаси ҳисобланади. Зеро, ёш тадбиркорлар янги иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтиради ва аҳоли турмуш даражаси оширишга ҳисса қўшади.

Ёш тадбиркорлар бозорга янги ғоялар ва инновацион маҳсулотлар ёки хизматлар билан кириб келади. Бу эса мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва рақобатбардошлигини оширишда бу жуда муҳим. Ишбилармонлик муҳити яхшиланишида зарур омил. Чунки улар,  одатда, кўплаб мамлакатлар иқтисодиётининг асоси бўлган кичик ва ўрта корхоналарни йўлга қўяди. Бу корхоналар йирик корпорациялар ва монополияларга қарамликни камайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини оширишга ёрдам беради.

Н.Абдураимова, ЎзА