Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин Жанубий Корея Республикасига расмий ташрифнинг сўнгги кунида Осиё-Тинч океани халқаро ҳамжиҳатлик таълим маркази (APCEIU) директори жаноб Лим Хён Мук билан учрашди.

Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Тошкент шаҳрида ЮНEСКО шафелигида иккинчи тоифали минтақавий марказ ташкил этишда Осиё-Тинч океани халқаро ҳамжиҳатлик таълим марказининг консультатив кўмаги ҳақида сўз юритилди.

Учрашув давомида жаноб Лим ташкилий тузилма, молиявий сиёсат, лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик ва глобал миқёсда илгари сурилган ташаббуслар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Осиё-Тинч океани халқаро ҳамжиҳатлик таълим маркази ЮНEСКОнинг дунёдаги етакчи минтақавий марказларидан бири ҳисобланади. Осиё-Тинч океани ташаббуслари ва бошқа минтақавий, халқаро ва глобал таълим саъй-ҳаракатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини тарғиб қилиш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжиҳатлик ва глобал фуқаролик соҳасида фалсафа, ўқитиш усуллари ва ўқув дастурлари билан боғлиқ тадқиқот ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича 23 йилдан ортиқ тажрибага эга.

Марказ директори Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Айниқса, Тошкент декларациясининг муҳимлигини, ушбу ҳужжат кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълимни ислоҳ қилиш йўлида кўрсатма ва стратегиялар тўплами эканини таъкидлади. Кичик ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси эса Ўзбекистоннинг кучли сиёсий иродасини яна бир бор кўрсатиб берди.

Учрашув сўнгида марказ фаолияти билан яқиндан танишилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки томонлама муносабатларни, шу жумладан, таълимни ривожлантириш ва БРМга эришишга ҳисса қўшиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

М.Қосимова, ЎзА