Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида Ўзбекистон журналистлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловини юқори даражада ўтказиш белгиланган.

Мазкур кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини ёрқин ва таъсирчан тарзда тасвирий воситаларда акс эттириш, “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” деган эзгу ғояни мазкур кўргазма орқали тарғиб этишдан иборатдир.

“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари йўналиши бўйича жами 56 нафар муаллиф 602 дан ортиқ ижодий иши билан иштирок этди.

“Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови республика босқичи низом талабларига мувофиқлиги эътиборга олиниб, ҳайъат томонидан баҳоланади. Энг яхши деб топилган тасвирий асардар бўйича ташкил этилган ушбу кўргазма томошабинларда катта таассурот қолдирди.

 

Назокат Усмонова,  

Носиржон Ҳайдаров (сурат) ,  

ЎзА