Маълумки, охирги 3 йилда юртимизда камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида бутунлай янги тизим яратилди. Энг аввало, Ўзбекистонда камбағалликнинг мавжудлиги расман тан олинди. Энг муҳими уни камайтиришга давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури ишга туширилди.
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бошланди. Мазкур дастурни бажариш учун барча манбалардан 1 миллиард долларга тенг маблағлар ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан ўта муҳим 2 та тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Камбағал оилалар аъзоларини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўла қоплаб берилади.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. Камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.
Улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади. Қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди. Солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади. Божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Бундан ташқари, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида солиқ имтиёзлари тақдим этилади. Мисол учун, мазкур дастурда тадбиркорлик субъектлари уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган «Ҳамкорлик шартномалари» асосида ихтиёрий равишда иштирок этади.
Ҳамкорлик шартномаларида 41 тадан 200 тагача ва ундан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, яратган иш ўрнига қараб ҳокимликлар ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари билан ҳамкорлик шартномалари тузади.
Жумладан, 41 тада 100 тагача ишчи ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари билан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари таклифларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан ҳамкорлик шартномаси тузади.
Дастурга киритилган тадбиркорлар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилиб Меҳнатга ҳақ тўлаш энг миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўлаганда ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизни ташкил қилганда мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзларга эга бўлади.
Фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда МҲТEКМнинг 1 баробаридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисобланганда, даромад солиғи иш берувчига қайтариб берилади, ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади.
Энг муҳими уларга 7 йилгача бўлган муддатга 14 фоизлик ставкада 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқароларни камида бир йил давомида иш билан таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича амалдаги ставкага нисбатан 50 фоиз имтиёз қўлланилади.
Энг асосийси, Реестрга киритилган фуқаролар ишга қабул қилиниб, уларга ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда
ҳисоблаганда ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 100 фоиз Республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 баробаридан ошмаган миқдорда) қайтариб берилади.
Шу билан бирга, Реестрга киритилган фуқаролар ишга қабул қилиниб, уларга ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ижтимоий солиқ бўйича амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида имтиёз қўлланилади.
Барча солиқлар ва божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз 3 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси 3 миллиард сўмгача кафиллик беради. 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари билан — ҳоким ёрдамчиларининг таклифларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан ҳамкорлик шартномаси имзоланади.
Уларга қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади: 7 йилгача бўлган муддатга 10 млрд сўмгача 14 фоизлик ставкада имтиёзли кредит ажратилади. Реестрга киритилган фуқаролар камида бир йил давомида иш билан таъминланган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича амалдаги ставкага нисбатан 75 фоиз имтиёз қўлланилади.
Бундан ташқари, 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари билан — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги таклифига асосан камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири томонидан ҳамкорлик шартномаси тузилади.
Уларга қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади: 15 миллиард сўмгача 7 йилгача бўлган муддатга 14 фоизлик ставкада имтиёзли кредит ажратилади. Реестрга киритилган фуқаролар камида бир йил давомида иш билан таъминланган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича амалдаги ставкага нисбатан 100 фоиз имтиёз қўлланилади.
Дастурда иштирок этган тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) ва барча солиқ турлари бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш муддати амалдаги ставкага нисбатан икки бараварга қисқартирилади. Қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилинмайди.
Товарларни импорт қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммалари Божхона ва солиқ органларининг ҳисоб тизимларида ўзаро ҳисобга олинади. Божхона назоратини амалга оширишда қўлланиладиган хавфни бошқариш даражаси «яшил йўлак» деб баҳоланади. Барча турдаги солиқ текширувлари ўтказиш тақиқланади. 50 миллиард сўм ва ундан юқори қийматдаги лойиҳаларни амалга оширганда белгиланган тартибда зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Дастурга киритилган Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларига нисбатан эса юқоридаги имтиёзларнинг фақатгина жисмоний шахслардан олиндиган даромад солиғини 100 фоиз Республика бюджетидан қопланиши ва ижтимоий солиқнинг 50 фоизга ставкаси камайтирилиши бўйича имтиёз ва преференциялар қўлланилади ва 50 миллиард сўм ва ундан юқори қийматдаги лойиҳаларни амалга оширганда белгиланган тартибда зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА