Ҳуқуқий муносабат

Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга кириши лозим.

Хўш, агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, қандай йўл тутилади? Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қандай?

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.

–Агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, ходим шартнома кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак.

–Меҳнат шартномаси қанча муддатга тузилиши мумкин?

–Меҳнат кодексининг 110-моддасига кўра, Меҳнат шартномаси номуайян муддатга, уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин. Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати шартлашилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

–Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қандай?

–Меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда Кодексда назарда тутилган асослар бўйича ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни тугатиш тушунилиши белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 155-моддасига кўра,  Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат.

Хусусан, тарафларнинг келишуви, меҳнат шартномаси муддатининг тугаши, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш, ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилгани, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги ўзгаргани муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши ҳамда ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши мумкин.

Шу билан бирга, ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши, ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда, тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда, янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад қилиш ҳамда ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар ҳам шартномани бекор қилишга олиб келади.

Меҳнат шартномаси ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.

Меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш қонунчиликда белгиланган тартибда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилиши шартлиги Меҳнат кодексининг 109-моддасида белгилаб қўйилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА