Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2023 йилда кириш имтиҳонларида иштирок этган (жами 888 минг 511 нафар) абитуриентнинг 303 минг 560 нафари (31,5 фоиз) умумтаълим мактабларининг бу йилги битирувчиларидир.
Қайд этилишича, ушбу битирувчиларнинг 95 минг 497 нафари (25 фоизи) жорий тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, ОТМ талабаси бўлди.
Жорий йилда давлат гранти учун 34 минг 930 квота ажратилган бўлса, унинг 77 фоизини айнан бу йил мактабни битирганлар эгаллаган.
Абитуриентларнинг ўртача бали 66,7 ни ташкил этган бўлса, айнан жорий йил битирганларининг ўртача бали 77,1 баллни (+10,4) ташкил этмоқда. Максимал балнинг 75 фоизидан юқорисини тўплаб, ижобий натижа кўрсатган абитуриентларнинг 68 фоизи ҳам улар ҳиссасига тўғри келди.
Шу билан бирга, 888 минг 511 нафар абитуриентдан 46,7 фоизи 56.7 баллни ҳам тўплай олмаган бўлса, улар орасида бу йилги мактаб битирувчилари 11,7 фоизни ташкил этган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА