Тиббиётни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири –– илғор тажрибаларни ўрганиш ва жорий қилиш ҳамда тиббиёти ривожланган давлатлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишдир.

Жорий йилнинг 16-17 август кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия соғлиқни сақлаш форуми доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Туркия дори воситалари ва тиббий жиҳозлар агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Мазкур келишувга биноан шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассисларидан иборат делегация расмий ташриф билан Анқара шаҳрида бўлиб турибди.

Вакилларимиз Туркия дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлигининг таҳлил ва назорат ҳамда Физика – кимёвий лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишди.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати хабарига кўра, танишув давомида мазкур лабораториялар ИСО 17025 халқаро аккредитациясидан ўтгани, ЖССТ қайта квалификациядан ўтиш талаблари бўйича 2024 йил май ойида инспекциядан ўтиши қайд этилди.

Ташрифдан кўзланган мақсад — Туркия фармацевтика соҳасини ўрганиш, жумладан, дори воситалари сиёсати, давлат харидлари, фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш, лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиш ва бошқа йўналишлар бўйича тажриба алмашишдир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА