Бугун дунё миқёсида табиий ресурслар сарфини камайтириш ва яшил энергетикага ўтиш масаласи долзарб мавзусига айланди. Муқобил энергиянинг самарали ечими бу қуёш қувватидир. Ўзбекистонда йилнинг 300 кундан кўпроғи қуёшли ўтишини ҳисобга олсак бу имкониятдан самарали фойдаланиш зарур.
Яшил технологияларни жорий этиш эса юртимизда аллақачон бошланган. Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида манзилли дастур ишлаб чиқилиб, қуёш панеллари ўрнатиш йўналишидаги лойиҳалар тижорат банклари томонидан молиялаштирилмоқда. Айни жараёнда мамлакатимиздаги молия муассасалари хусусан, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам фаол иштирок этмоқда. Банк томонидан тақдим этилаётган миллий яшил банк кредит маҳсулоти тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг иқтисодий тежамкор, арзон энергия таъминотига ўтишига ҳисса қўшмоқда.
Шайхонтоҳур туманидаги “lumos school” нодавлат таълим муассасасининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ҳам эндиликда муқобил энергия манбалари орқали таъминланади. Таълим ташкилоти биносига Ўзмиллийбанкнинг 635 миллион сўмлик молиявий кўмагида 50 кВтли қуёш панеллари ўрнатилди. Мутахассислар фикрича, ўрнатилган қуёш панеллари муассасанинг кунлик эҳтиёжи учун сарфланадиган энергияни 70-80 фоиз иқтисод қилиш имконини яратади.
–Президентимиз ташаббуси билан муқобил энергия тизимига ўтиш бўйича топшириқ берилди, – дейди суҳбат чоғида нодавлат таълим муассасасининг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Улуғбек Аннақулов. – Ушбу топшириқ ижроси юзасидан 50 кВтли қуёш панелларини ўрнатдик. Бугунги кунда ундан самарали фойдаланмоқдамиз. Мактабимизни бир кунлик эҳтиёжи 600-700 кВт бўладиган бўлса, шундан 80 фоизга яқинини айнан қуёш панеллари таъминлаб бермоқда. Натижада тежалган электр энергияни давлатга сотиш имконияти юзага келмоқда.
Пойтахтимиздаги йирик савдо мажмуаларидан Экобозор ҳам ўзининг савдо ва хизмат кўрсатиш қувватларини муқобил энергия тизимига ўтказиш жараёнини бошлади. Мажмуанинг автотураргоҳ қисми 360 кВтли қуёш панеллари билан жиҳозланмоқда. Ҳозирда қайта тикланувчи энергия тизими савдо маркази эҳтиёжининг 30 фоизини қопламоқда. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, келгусида мажмуанинг барча қисмини тўлиқ қуёш панеллари билан жиҳозлаш кўзда тутилган.
– Ҳозирда Экобозор ва Чимган савдо мажмуаларининг 600 квадрат метрдан ортиқ ҳудудига мўлжалланган қуёш панеллари ўрнатилди, – дейди корхона раҳбари Сардор Аъзамов. – Мазкур қурилмаларнинг умумий ҳажми 360 кВтдан иборат. Бу дегани кунига 1200 кВт электр энергия ишлаб чиқаради. Йилига ҳисоблаганда 150 минг кВт электр энергия ишлаб чиқариш имконини беради. Келажакда мазкур автотураргоҳда электрон автоуловлар учун қувватлаш ускуналарини ҳам келтириб ўрнатиш режаларимиз бор.
“Ўзмиллийбанк” АЖ нафақат яшил технологияларни жорий этиш лойиҳаларини молиялаштириш балки банкнинг ҳудудий филиал ва банк хизматлари марказлари биноларини қуёш панеллари билан жиҳозлаш ишларини ҳам давом эттирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, банкнинг 64 маъмурий биноси умумий қиймати 10,9 миллиард сўм бўлган қуввати 1135 кВтли қуёш панеллари ва умумий ҳажми 11800 литр бўлган 59 қуёш сув иситиш қурилмалари билан жиҳозланган. Айни кунда улар қаторига банкнинг Миробод туманида жойлашган бош амалиёт банк хизматлари маркази ҳам қўшилди. 80 кВтли қуёш панеллари ёрдамида банк хизматлари маркази ҳозирда сарф бўлаётган электр энергиянинг 30 фоизини қоплашга эришган. Шунингдек, аҳолига тезкор банк хизматларини кўрсатиб келаётган Себзор Банк амалиётлари маркази биноларида ҳам қуёш панеллари қурилмаларини ўрнатиш ишлари якунланди. Ушбу биноларга ўрнатилган 150 кВтли муқобил энергия манбалари бугун банк биноларининг кунлик эҳтиёжи учун сарф бўлаётган энергия таъминотини иқтисод қилишга кўмаклашмоқда.
–“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 2023-2024 йилларда банк биноларини қуёш панеллари ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича режалар белгилаб олинган, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Рамазонов. – Мазкур режага асосан, Тошкент шаҳридаги 14 банк хизматлари марказларида 730 кВтли қуёш панеллари ўрнатилди. Хусусан, Себзор банк хизматлари маркази мисолида оладиган бўлсак, 100 кВтли қуёш панеллари ўрнатган бўлиб, унинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 300 кВтни ташкил этади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан бу борадаги ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Йил якунига қадар қолган банк хизматлари марказлари ҳам умумий қиймати 1.75 миллиард сўмлик 175 кВт қувватга эга қуёш панеллари билан таъминланади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати
реклама ҳуқуқи асосида