Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туман адлия бўлими томонидан мактабгача таълим бўлими ҳамшираларининг узлуксиз иш стажи учун устама маблағларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори 2-иловаси, “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомнинг 25-бандига асосан, шифокорларга, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш барча муассасалари фармацевтика ходимларига узлуксиз иш стажи 5 йилдан 10 йилгача бўлганда – тариф ставкасининг 5 фоизи, 10 йилдан 15 йилгача бўлганда – тариф ставкасининг 10 фоизи, 15 йилдан 20 йилгача бўлганда– тариф ставкасининг 15 фоизи миқдорида, олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамширалари учун эса тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида, узлуксиз иш стажи 20 йилдан ортиқ бўлганда – тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида белгиланади.

Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг мазкур Низомнинг 24-бандида кўрсатилган алоҳида тоифалари бундан мустасно, олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамширалари учун эса тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида белгиланган.

– Шунга қарамасдан, Беруний туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан мазкур ходимларга тегишли устама маблағлари тўлаб берилмаган, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Ваҳоб Тураниязов. – Қайд қилинган қонунчилик талабларига биноан туман адлия бўлими томонидан узлуксиз иш стажига эга бўлган ҳамшира ходимларнинг манфаатига Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига даъво ариза киритилиб, суднинг 2023 йил 26 июль кунги ҳал қилув қарори билан жами 89 миллион 903 минг 384 сўм устама маблағи ундириш белгиланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири