2021 йил 20-21 октябрь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари доирасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ҳусайн Жовид номли Озарбайжон маданияти ва адабиёти маркази очилган эди. Бугунги кунда ушбу марказ халқларимиз ўртасидаги адабий ва абадий дўстлик риштаси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Марказда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги дўстлик алоқалари, адабиёт, маданият, санъат, тарих йўналишларида икки давлат муносабатлари, шу билан бирга, қардош халқнинг миллий кийимлари, санъат намуналари, бадиий китобларидан иборат кўргазмалар, фойдали манбалар жой олган. Озарбайжон халқи қорақалпоқ адабиёти, санъати, маданияти ҳамда тарихига оид кўпгина асарлар, айниқса, Ажиниёз, Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергеновнинг асарлари, қорақалпоқ халқ достонлари, фольклор асарларини яхши билишади. Ўз навбатида қорақалпоғистонликлар Озарбайжон адибларининг асарларини севиб ўқишади.
Янги марказнинг очилиши эса, қорақалпоқ, ўзбек ва озарбайжон халқларининг дўстлигини янада мустаҳкамлашга, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари, айниқса, академик мобильлик, илмий-педагогик йўналишларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири