Ҳуқуқий муносабат

Баъзан қурувчилик, чилангарлик ёки бошқа оғир ва маиший ишларда 18 ёшга тўлмаган ўспирин йигит-қизларни учратамиз. Аслида ҳар бир ҳунар ва касб учун маълум бир ёш белгиланганми? Хусусан, 18 ёшга тўлмаганлар қандай ишларда ишлаши тақиқланган?    

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.

–Тегишли қарор билан тасдиқланган иловага мувофиқ 18 ёшга тўлмаганлар бир қанча ишлар билан шуғулланиши мумкин эмас. Булардан асосийларини санаб ўтамиз. Жумладан, очиқ усулда тоғ ишларини олиб боришда ва фаолият кўрсатаётган ҳамда янги шахталардаги ишларда, шпурлар бурғуловчиси, қудуқларни капитал таъмирлаш бурғуловчиси, вагонеткачи, ҳаво-канат йўли вагонеткачиси, портлатувчи ва портловчи моддаларни шахтага олиб борувчи каби ишларда ишлаши мумкин эмас.

Тоғ-кимёвий хомашёларни қазиб олиш ва бойинтиришда мишякни бўшатувчи, қудуқларни ковлаш ва хизмат кўрсатиш электрочилангари (чилангар), лавадан ҳимояланиш ишлари ишчиси, қудуқлар ишини ростловчи ва сулфатчи ишида ишлаши тақиқланади.

Иссиқлик тармоқларида эса хизмат кўрсатиш бўйича чилангар, иссиқлик пунктларига хизмат кўрсатиш бўйича сантехник, нон ишлаб чиқаришда ва новвой бўлиб ишлаш ҳам тақиқланади. Шунингдек, хамир қорувчи, металл қолиплар ва листлар полимеризаторчиси каби соҳаларда ишлаши ҳам қонун томонидан рад этилади

Идишларга ишлов беришда идиш ювувчи, хусусан, ишқор ишлатиш орқали шиша ва бошқа идишларни, кислота ва бошқа кимёвий моддаларни ювишда ишлаши ҳам тақиқланади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса ветеринария санитари ва йилқичи бўлиши қонунга мувофиқ эмас.

Бундан ташқари, геология қидирув ва топография геодезия ишларида, металлургия саноати, пўлат қуйиш саноати, прокат ишлаб чиқариш, рангли металлургия, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш (энергетика хўжалиги) каби соҳалардаги белгиланган касбларда ишлаши ҳам мумкин эмас.

Гулноза Бобоева, ЎзА