Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикасига ташрифи арафасида Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев республикамизнинг ютуқ ва муваффақиятлари, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юз бераётган ижобий ўзгаришлар, шунингдек Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини ЎзА билан бўлишди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик юксак даражага кўтарилган. Айни жараён турли даражадаги икки томонлама шартномалар асосида амалга оширилмоқда.
Маълумки, давлат идоралари фаолияти ўзаро муносабатни ривожлантириш учун ўзига хос кафолат ҳисобланадиган, алоқалар даражасини белгиловчи мавжуд ҳуқуқий база билан тасдиқланади ва қўллаб-қувватланади.
Шу маънода давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик нафақат қардошлик ришталарини таъкидлаш, дўстлигимизни мустаҳкамлаш баробарида, умуман, маданий-гуманитар ва иқтисодий муносабатларни ривожига кўмаклашади. Бу жараёнда икки халқнинг сиёсий иродаси ҳам намоён бўлади. Пировард натижада, буларнинг бари, ўзбеклар ва озарбайжонлар ўртасидаги идоралараро ва шахслараро яқин муносабат учун қулай муҳит яратади.
Бизнинг асосий миссиямиз Ўзбекистон ташқи сиёсат идорасидаги ҳамкасбларимиз билан ўзаро ишонч асосида самарали фаолият юритишдан иборат. Умумий кун тартибидан, биринчи навбатда, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни янада чуқурлаштириш масаласи ўрин олган. Шундан келиб чиқиб, аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялардаги ҳамкасбларимиз билан бирга умумий манфаатларга жавоб берадиган барча соҳаларда қулай шарт-шароит яратиш бўйича биргаликда ишлаймиз.
Айни пайт Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ миқёсида умумий мақсад йўлида амалга оширилаётган қўшма ҳудудий лойиҳаларда иштирок этаётган мутахассисларимиз ўртасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Моҳиятан, бу Ўзбекистон ва Озарбайжон дипломатияси учун катта муваффақият ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлараро муносабатидаги бугунги ютуқлар чуқур тарихий илдизларга, ягона дин, миллий анъаналар, тил ва маданият яқинлигига асосланган.
Шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон Рспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга илк ташрифи, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан самимият ва ишонч руҳига йўғрилган учрашуви ўзаро алоқаларнинг ҳозирги босқичидаги янада илиқ, яқин муносабатнинг асосий омили бўлиб хизмат қилган.
Туркий тилли давлатлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Нахичеван битими имзоланганига ўн йил тўлганда Ўзбекистоннинг ушбу тузилмага аъзо бўлиб киришида ҳам рамзий маъно бор. Мазкур воқеа халқларимиз ўртасидаги алоқаларни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни, ҳар икки мамлакатнинг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда, иқтисодиётнинг барча соҳаларида янги босқичга кўтарди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга, Туркий Кенгаш (Туркий давлатлар ташкилоти) VII Саммитида иштирок этиш учун ташриф буюриши ва Президент Илҳом Алиев билан учрашиши, ўйлайманки, энг аввало, Туркий дунё тарихида муҳим воқеа бўлди. Бунинг аҳамиятини англаш учун ўзбеклар ва озарбайжонлар ўртасидаги қардошлик алоқасига оид тарихий фактларга эътибор қаратиш лозим.
Эътиборингизни ТДТ фаолиятига қаратмоқчиман. Ўзбекистон, ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида, мавжуд салоҳиятдан халқи равнақи йўлида фойдаланиш бўйича ўз маънавий-аҳлоқий ҳуқуқини аниқ белгилаб олиб, ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирган.
ТДТ доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳозирги келишувларнинг молиявий миқдори бир неча миллиард долларни ташкил этади ва бу амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бир қисми, холос. Кўп томонлама алоқаларнинг иқтисодий жиҳатини кенгайтириш дунёдаги сиёсий, иқтисодий силсилаларга қарши барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Ўйлайманки, мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракати халқларимиз биргаликда янги марраларни ўзлаштиришига кучли туртки беради ва бу бошқа мамлакатлар учун ижобий намуна бўлиб хизмат қилади. Айни пайт, Илҳом Алиев ТДТ саммити доирасида айтганидек, бу масалада Ўзбекистон муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон сиёсати мамлакатда, умуман минтақада тинчлик ва осойишталикни сақлашга кўмаклашади. Қардош халқлар билан яқинлашишга қаратилган узоқни кўзловчи, оқилона интеграцион стратегия бутун дунёда мамлакатнинг ҳақиқий прагматик ва ниҳоятда ҳайриҳохлик руҳидаги ташқи сиёсати сифатида тан олинмоқда. Жаҳон ҳамжамияти томонидан ушбу воқелик ўзбек дипломатиясининг ўзига хос услуби, дея қабул қилинмоқда.
Ўзбекистонни, ҳақли равишда, Марказий Осиёнинг юраги, дейиш мумкин. Зеро, ушбу серқуёш ўлка тарихий Туроннинг қоқ марказида жойлашган. Мен бир неча бор мамнуният билан таъкидлаганман: Марказий Осиёда ҳеч бир масала, минтақадаги асосий мамлакат сифатида Ўзбекистон иштирокисиз ҳал қилинмайди.
Ҳозирги ўзбек халқи қадим маданиянинг, буюк Турон цивилизациясининг ҳуқуқий вориси ва ташувчиси ҳисобланади. Ўзбеклар – жаҳон миқёсидаги кўплаб буюк шахслар, арбоблар авлоди. Улар ўз меҳнати билан буюк салтанатлар барпо этган, бир неча минг йилликлар давомида олим-у тадқиқотчиларнинг ажойиб мактабини қўллаб-қувватлаган, рағбатлантирган. Шарқнинг буюк қомусий олимлари, жаҳонга машҳур мутаффакирлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Урганч, Фарғона водийсида туғилиб ўсган, тарбияланган. Жуғрофий нуқтаи назардан ўзбек давлатчилиги шаклланишига доир кўп асрлик тарихий жараён ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади.
Мамлакатда давлат ҳокимияти таркибида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда, буни сезмаслик мумкин эмас. Фуқаролар ҳаёти ва фаолиятида, турмушида янгиланишлар содир бўлмоқда.
Деярли, барча соҳаларда юз бераётган туб ўзгаришлар бевосита давлат раҳбари ташаббуслари билан боғлиқ. Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон сиёсатини “миллий уйғонишдан миллий тараққиёт сари” дея аниқ белгилаб берган.
Замонавий, ривожланган мамлакатга айланиш йўлидаги интилиш кундалик ҳаётда ҳам акс этмоқда. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жаҳон майдонида мутлақо янги қиёфада, жадал ривожланаётган иқтисодиётли, эркин, барқарор ва демократик мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. Президентимиз ташаббусига кўра, минтақавий ва давлат миқёсидаги масалаларни ҳал қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар қилинди.
Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан муносабатни яхшилаш учун қатор чоралар кўрди, минтақа давлатлари раҳбарлари билан кўплаб учрашувлар уюштирди. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалари жадаллашди, буни сезмасликнинг иложи йўқ. Айни ташаббуслар ортидан бошланган ушбу акция ва тадбирлар, республиканинг жаҳон майдонидаги нуфузини сезиларли равишда оширди. Ушбу миссия натижасида минтақада тинчлик сақланиб турибди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги сиёсий жонланиш жиддий, янгича илғор ҳаракат сифатида намоён бўлди. Аслида, тинчлик, ҳамжиҳатликсиз бунга эришиб бўлмайди. Шу сабабли мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида асосий ва бош элемент сифатида тинчликсеварлик танланган. Зеро, бу ўлкада миллий мустақиллик ғояси миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик тамойилига таянган.
Тан олиш керак, Ўзбекистон раҳбарияти жаҳон ҳамжамияти эътиборига мамлакат ташқи сиёсатига сингдирилган мантиқий концептуаллашув моҳиятини етказа олди. Эндиликда мамлакат изчиллик билан ва режали равишда минтақада дўстона, кўп томонлама ишончга асосланган муҳит яратиш устида иш олиб бормоқда.
Маълумки, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси сергаклик ва холислик билан дунёнинг ҳар қандай мамлакатига нисбатан у ёки бу масала бўйича расмий муносабат билдириб келади. Ушбу позицияни тўғри англаш учун халқаро ҳуқуқнинг ижокори ва субъекти муайян миллат эмас, балки давлат эканини тушуниш ва бунга қўшилиш керак. Миллатидан қатъи назар, анъанавий-маданий ва тилга хос хусусиятни фуқаролик билан боғлаб бўлмайди, булар турли хил тушунчалар.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган суверен давлат тушунчаси расмий Тошкент учун муқаддас ҳисобанади. Сиёсий ёндашувнинг айни ифодаси жаҳон ҳамжамияти томонидан бир неча марта ошкора тан олинган.
Ўзбекистоннинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги масаласи бўйича алоҳида фикри ҳақли равишда озарбайжон халқида чуқур ҳурмат туйғусини уйғотди. Ушбу масалага режали ва принципиал ёндашув туфайли Ўзбекистон бутун турк дунёси олдида сўзсиз сиёсий обрў қозонишига сабаб бўлди.
Озарбайжонликлар ҳам Ўзбекистон билан дўстлик, қардошлик масаласига муҳим эътибор қаратиб келган. Ўзбек халқининг олижаноблигини дунё азалдан билади, аммо бизда миннатдорчилик учун алоҳида сабаб мавжуд. Ахир, халқимиз бошига тушган қайғули, ғамгин кунларда, жуда оғир бир даврда ўзбек халқи биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзгани, қатъият билан ҳақиқат томонига турганини қандай унутиш мумкин?!
Ўзбекистонни катта ўзгаришлар кутмоқда
Ҳар гал имконият туғилиши билан қардош Ўзбекистон халқига гуллаб-яшнаш, равнақ топиш, фаровонлик кўриш, мусаффо осмон остида яшашни тилашдан чарчамайман. Бу Ватан ҳамиша мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ғояларига содиқлик, муҳими, донишмандлик рамзи, намунаси бўлиб келган.
Тарих шундай гувоҳлик берадики, юқорида санаб ўтилган хислатлар ўзбек халқига порлоқ келажак учун мудом ягона тўғри йўлни танлаш имконини беради. Ишончим комилки, бу гал ҳам шундай бўлади!
Халқларимизга янада фаровонлик тилайман. Кўп асрлик дўстлигимиз, қардошлигимиз абадий бўлсин!
Ғайрат Хонназаров ёзиб олди. ЎзА