Жорий йилнинг 21 августида “Транспорт воситаларида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, автобусларда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмалари бўлганда йўловчиларни тунда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат берилади.

2024 йил 1 январдан шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўловчи ташувчи автотранспортлар ҳайдовчиларининг иш вақти табеллар, йўл варақалари, чиптани ҳисобга олиш варақалари тахограф кўрсаткичига асосан ҳисобга олинади. Меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилувчи инспекторлар зарур қурилмалар билан таъминланади.

Мунтазам йўналишларда йўловчи ташиш қоидаларини бузганлик, меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан Транспорт назорати инспекцияси ходимлари томонидан баённома тузиш ва маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қарор билан шунингдек, қуйидаги тартиблар жорий этилади:    

Сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни N, O3 ва О4 тоифадаги бортли ва ўзи ағдарувчи автотранспортларда мажбурий тартибда брезент ёки поливинилхлорид қопламали материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилиб, юза қисми тўлиқ ёпилган тарзда ташиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, автобусларга тунда юриш чеклови 2023 йилда киритилган. Бу ЙТҲ ларнинг олдини олиш мақсадида қилинган.

ЎзА