Бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганига, яъни халқ ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганига, дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен давлат деб тан олинганлигига 32 йил тўлади. Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шон-шухратига мос ҳолда кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида бутун республикамиз бўйлаб кенг турда нишонланади.
Жойларда мустақиллик байрамини юртдошларнинг талаб ва истаклари асосида, бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва ҳудудий бўлимлари томонидан янгиланган Конституция махмун-моҳияти ва «Ўзбекистон-2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ташкил қилинмоқда.
Сўнгги йилларда республика иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар орқали кенг ёритиш, “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш ва бошқа кўпгина мавзуларда республикамизда амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш мақсадида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Республикамизда сўнгги 7 йил мобайнида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг ҳолда давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди, тадбиркорликка кенг йўл очилди. Ўзбекистондаги бу янгиланишларнинг барчаси ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилмоқда. Мустақиллик туфайли кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Азиз юртдошлар! Барчангизни кун сайин яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами билан самимий табриклайман. Оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга файзу-барака тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Рахима Юлдашева,
ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Беруний
тумани Кенгаши депутати
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги