Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 17 августдаги фармойишига биноан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги “Tamara Textile” масъулияти чекланган жамияти директори Тамара Юсупова ҳам бор.
Юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтариш, мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. 20 август санаси мамлакатимизда «Тадбиркорлар куни» этиб белгиланиши бунинг яққол исботидир.
Т.Юсупова тумандаги энг фаол аёл тадбиркорлардан бири ҳисобланади. Ишнинг кўзини биладиган, юқори ташкилотчилик маҳоратига эга ишбилармон сифатида 2009 йилда аҳоли ва корхона, ташкилотларга замонавий эркаклар, аёллар ва болалар кийимларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонани ишга туширди. Мазкур корхона томонидан 2019-2021 йилларда жами 671,8 миллион сўмлик, жумладан, 2019 йилда 134,8 миллион, 2020 йилда 217 миллион, 2021 йилда 320 миллион сўмлик кийим-кечак маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Унинг ишни тўғри ташкил этиши натижасида корхона томонидан кейинги уч йилда 874,8 миллион сўм даромад олиниб, 203 миллион сўм соф фойда олишга эришилди. 2019-2021 йиллар мобайнида корхонада ишлаб чиқариш цехларини ишга тушириш, кенгайтириш эвазига 25 янги иш ўрни яратилган.
Унинг саъй-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида тумандаги барча корхоналар, ташкилотлар ҳамда аҳолининг турли кийим-кечак ва бошқа трикотаж маҳсулотларига бўлган талаби қаноатлантирилиб борилмоқда. Айниқса, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилда корхона томонидан 350 миллион сўм банк кредити ҳисобидан янги трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналари олиб келиниб, ишга туширилди. Натижада корхонада қўшимча 15 янги иш ўрни яратилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаган даврдан буён 2,5 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритди.
У республика миқёсида ўтказиладиган турли тадбир ва кўрик-танловларда фаол қатнашиб келади. Жумладан, 2009 йилда Тошкент шахрида ўтказилган “Қўли гулдир ўзбек аёлин” кўргазмасида, 2012 йилда “Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод Ватан” тадбирида мамлакатимиз келажаги учун қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Ташаккурнома” билан тақдирланди.
Т.Юсупова ўзининг янгиликларга интилиши ва иш тажрибаси билан ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган «Ташаббус – 2014”, “Ташаббус – 2018” кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаган. 2021 йилнинг сентябрь ойида “Тадбиркор аёл” уюшмаси томонидан ташкил этилган делегация таркибида Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида ҳамда декбарь ойида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Қозоғистон Республикаси Нур-Султон шаҳрида ташкил этилган бизнес форумда иштирок қилиб, ўз тадбиркорлигини ривожлантиришга, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қиладиган шартномалар тузишга муваффақ бўлди. У 2021 йилнинг ноябрь ойида “Энг яхши иш берувчи тадбиркор аёл” кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи ўринни қўлга киритди.
У ҳомийликни, одамларга ғамхўрлик қилишни ўзининг инсоний фазилатига айлантирган. Корхона фойдаси ҳисобидан 2019-2021 йилларда кам таъминланган оилаларга 20 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Шунингдек, 30 нафар ногирон болаларга кийим-кечак ва “Холимбег” овул фуқаролар йиғини қизлар футбол жамоасига спорт кийимлари берилди. Ҳар йили умумхалқ байрамларда ўзи истиқомат қилаётган Қиличбой овулида яшовчи меҳнат фахрийларига, нуронийларга, кам таъминланган оилаларга совғалар улашиб келади. Бундай хайрия тадбирлари давом этмоқда.
– Давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга барча имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибаси Тамара Юсупова.– Шунинг учун ҳам, ушбу кўкрак нишони ҳудудда меҳнат қилаётган барча тадбиркор аёлларга берилган мукофот деб биламан. Келажакда бугунги куннинг долзарб вазифаси маҳсулотлар экспортини купайтириш, янги иш ўринларини яратиш борасида янги режаларни амалга оширишни ният қилганмиз. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 23 февралдаги “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида чекка маҳаллалардаги ишсиз фуқароларни, шу жумладан хотин-қизларни касаначиликка жалб қилиш орқали 57 янги иш ўрни яратилади.
Тадбиркор Халқ депутатлари Амударё тумани Кенгаши депутати, туман Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси сифатида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Жамоат ишларида иштироки ҳамда ташаббускорлиги билан туман хотин-қизлари ва фаоллари ўртасида ҳурмат қозониб келмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири