Бугунги кунда давлатимизнинг барча соҳасида руҳан ва жисмонан соғлом ҳамда етук ватандошларимиз юртимизнинг равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, юртимиз равнақида ватанимиз химоячиларининг ҳам тутган ўрни алоҳида эътиборга эга. Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз кичик сержант Турсунов Ботир Бурхонович мана шундай шахсларнинг бири десак, адашмаган бўламиз.
-Мен Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ишчилар оиласида дунёга келдим. Чироқчи туманидаги 4-сон умумтаълим мактабида тахсил олдим. Мактабда ўқиб юрган вақтларимда ҳарбий соҳага қизиқишим бошланган. Мактабда, ёшларни чақириққа тайёрлаш дарси бўлар эди. Шу дарсда фаол қатнашиб, “Мен албатта ҳарбий бўламан” деб олдимга мақсад кўйганман. Маҳалламизда ака-ука ҳарбийлар Давлат ва Шухрат акалар истиқомат қилар эди. Уларни ҳар гал ҳарбий либосда кўрганимда шу ҳарбий либос менинг ҳам устимда бўлишни жуда-жуда орзу қилардим. Ўқиш билан биргаликда жисмонан бақувват бўлиш мақсадида, спортнинг миллий кураш, самбо тўгаракларига ҳам қатнашиб туман ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни қўлга киритганман. 2005-2008 йилларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Транспорт касб-хунар коллежини тамомлаб, 2010 йилда Қашкадарё вилояти Чироқчи тумани мудофаа ишлари бўлими томонидан ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилдим,- дейди мақоламиз қаҳрамони.
Б.Турсунов ДХХ Чегара Қўшинларида ўз хизмат фаолиятини давом эттириб, республика миқёсида бир қанча спорт турлари бўйича юқори натижаларга эришиб келмоқда. Масалан, футбол бўйича ДХХ Раиси кубогида, миллий кураш ҳамда самбо спорт турларидан ўтказилган спорт мусобақаларида фахрли биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган.
-2019 йилда Оператив Қўмондонлик миқёсида ўтказилган самбо ҳамда енгил атлетика мусобақасида биринчи ўрин, 2019 йил хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида, «Ўқ отиш» мусобақасида қатнашиб учинчи ўринни эгаллашга ўз ҳиссамни қўшдим. 2021 йилда Оператив Қўмондонлик ўртасида «Ўк отиш» спорти буйича фахрли биринчи ўринни эгалладим. Бизлар каби Ватан ҳимоячилари хизмат қилар экан, албатта, давлатимиз чегараси дахлсизлиги кафолатланади – дейди кичик сержант Б.Турсунов
Ҳақикатда ҳам, мана шундай мард ва шижоатли ватанимиз сарҳадлари ҳимояси ва тинчлиги йўлида жонини фидо қилишга тайёр ҳимоячиларимиз бор экан давлатимиз ва жамиятимиз фаровонлиги ҳамда тинчлиги ишончли қўлларда эканлигига ишонамиз.
Ҳ. Кдирбаева,
Чегара қўшинлари ходими.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги