Маълумки, 1930 йилнинг 17 август куни ЎзССР Марказий ижроия қўмитасининг қарори билан Ўзбекистон пойтахти Самарқанд шаҳридан Тошкентга кўчирилди.

Ўтган 93 йил давомида Тошкентда кенг кўламли ислоҳотлар рўй бериб, улар меъморий-инфратузилмавий ўзгаришлар билан чекланиб қолмади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, пойтахт майдони қарийб 2 баробардан зиёдга ортиб, 44 минг гектарга, аҳолиси эса 350 минг кишидан 3 миллионга етди.

Бугунги кунда Тошкент нафақат мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази, пойтахти, балки Марказий Осиёдаги энг юқори суръатларда ривожланиб бораётган йирик шаҳардир. Шу йиллар давомида пойтахтимиз тинчлик шаҳри, дўстлик шаҳри, нон шаҳри, Ислом маданияти пойтахти деган юксак эътирофларга эришди.

Айни пайтда Тошкентда 212 та йирик саноат корхоналари, 8 минг 150 та қўшма корхоналар, 11 минг 242 та кичик саноат корхоналари ҳамда 82 минг 951 та кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда. Пойтахтимиз саноатининг республикадаги улуши 54,7 фоиз, хизматлар соҳасидаги улуши эса 40,3 фоизни ташкил этмоқда. Бугунгача ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредит маблағлари 385,4 миллион доллар бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 270,5 миллион долларни ташкил этмоқда.

2030 йилга қадар пойтахтни ривожлантириш борасида белгиланган устувор вазифалар ижроси натижасида ялпи ҳудудий маҳсулотни ҳозирги 178,9 триллион сўмдан 500 триллион сўмга етказиш, товар ва хизматлар экспортини 4000 миллион АҚШ долларидан 7 500 миллион АҚШ долларгача ошириш, барча соҳаларни ҳамда шаҳар инфратузилмасини тубдан янгилаш ва ривожлантириш орқали аҳоли турмуш сифати ҳамда фаровонлигини бир неча баробарга юксалтириш кўзда тутилган.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА