Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда ҳудудий футбол ассоциациялари мутасаддилари иштирокида ўтказилган онлайн йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижроси муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида ҳудудий футбол ассоциациялари, футбол мактаблари инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, турли ёш тоифасидаги ҳудудий терма жамоалар ўқув-машғулот марказларини ФИФА талабларига мувофиқ барпо этиш ҳақида сўз юритилди.
Ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан эркаклар, аёллар футболи ва футзал бўйича жамоалар ташкил этиш ҳамда уларнинг мусобақаларда мунтазам иштирокини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида минтақавий футбол марказларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Фахрийлар ўртасида 2023 йил давомида бўлиб ўтадиган мусобақаларни юқори савияда ўтказиш ҳамда умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида футбол мусобақаларини ташкил этиш билан боғлиқ бир қатор вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунида ҳудудий футбол ассоциациялари вакилларининг таклиф ва ҳисоботлари тингланиб, зарур қарорлар қабул қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА