Бугунги глобаллашув замонида технологиялар қанчалик одимламасин, китобхонлик, хусусан, адабиётнинг келажаги ҳақида турли башоратлар ўртага ташланмасин, барибир жамиятнинг «юрак уриши» аксар ҳолларда адабиёт деган мезон орқали аниқланади. Хўш, айни замонда ўзбек адабий муҳити қай ҳолатда, ёзилаётган асарлар савияси қандай баҳоланмоқда?

“Ташриф” дастурининг бугунги сонида адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов билан биргаликда ана шу саволларга жавоб излаймиз.

– Домла, сиз билан мусаффо осмон остида, мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами арафасида суҳбатлашиб турибмиз. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ижод аҳли учун қабул қилинаётган муҳим қарор ва фармойишлар адабиёт ва маънавиятимизни юксалтиришда янги даврни бошлаб берди. Ижод қиламан дегувчилар учун барча шароитлар муҳайё, шундай эмасми?

– Давлатимиз раҳбари халқни рози қилиш, одамларнинг дардини эшитиш, муаммоларини бартараф этиш билан бирга, маънавият, адабиёт ва санъатга катта эътибор кўрсатаётгани қувонарли. Жумладан, яқинда ўзбек адабиёти намуналарининг 300 жилдлиги нашр этилиши кутилмоқда. Бир замонлар ижод аҳли учун орзу бўлган ушбу лойиҳа миллий адабиётимизнинг нечоғлиқ бой эканининг исботидир. Ҳақиқатан, бизнинг муаззам ва улуғ адабиётимиз бор. Бу йирик лойиҳа бўйича ишчи гуруҳ қизғин фаолият олиб бораётир.

Пойтахт марказидаги Миллий боғда барпо этилган “Адиблар хиёбони”ни адабиётимизнинг ташриф қоғози десак, муболаға эмас. Кўркам боғдаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносини кўрган хорижлик шоиру адиблар ўзгача ҳавас, чуқур ҳурмат билан эътироф этаётир. Атоқли адибларимизнинг юбилей саналари кенг нишонланиб, уларга эҳтиром кўрсатилмоқда. Истеъдодли ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда.

Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги изчил ишлар ўз самарасини бераётир. Айниқса, қардош халқларнинг буюк адиблари ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, таваллуд кунларини нишонлаш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши халқларимиз ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Туркий халқлар адабиётининг 100 жилдлиги Ўзбекистонда нашр этилганида ҳам катта рамзий маъно бор.

Зеро, буюк Cоҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганидек: “Биз миллатларнинг энг қадимийси бўлган туркнинг бош бўғинимиз”.

– Шукур Холмирзаев ўз кундаликларида “Адабиётнинг ўсуви – миллатнинг ўсувига гаров ва миллат камолини кўрсатувчи ойна”, деб ёзган эди. Айтинг-чи, миллий тил юксалиши, равнақ топишида бу тилда яратилган адабиётнинг савияси қандай ўрин тутади?

– Адабиёт — тилнинг бадиий воқеланиши. Тилнинг бутун сеҳр-жозибаси, латофати, ҳатто нуқси ҳам шу тилда яратилган бадиий асарда намоён бўлади. Ижод аҳли зиммасидаги вазифа шунинг учун ҳам беҳад оғир. Қўлига қалам олган одам битиклари буюк бир миллат адабиётига муносиб бўлишига интилмоғи зарур. Бугун «сариқ матбуот» ўзига ўхшаган хазон ранг адабиётни «туғди». Унинг тили ғализ, мавзуси олди-қочди, муддаоси эса — «оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтмоқдир». «Сариқ адабиёт»нинг аъмоли — адабсизлик. Шу боис унга оид “асар”ларда икки жинс муносабатидаги ҳазрат Навоийдай зот “зикри тарки адаб ва баёни беҳижоблиққа сабаб” деб ҳисоблаган жиҳатлар ҳам юзсизларча тарғиб этилаверади. Шу сабабдан одамкушлик, зўравонлик, қотилликнинг яланғоч тасвири бу “адабиёт”нинг асосий объектига айланган. Бу турдаги “асар”лар миллий маънавиятга катта хавф туғдиради. Азалий ахлоқий қадриятлар таназзулига сабаб бўлади. Адабий-эстетик дидни ўтмаслаштиради, тафаккурни ўлдиради.

Ушбу фикрлар исботи учун «сариқ адабиёт» намуналаридан истаганча мисол келтириш, уларни таҳлил қилиш мумкин. Бироқ улар бундай эътиборга муносиб эмас, танқиддан тубандир. Бунинг ўрнига миллий адабиётимизнинг сара асарлари ҳақида фикр юритмоқ афзалроқ.

Агар тил қуёшга ташбеҳ этилса, адабиёт нурга менгзалади. Чунки Абдулҳамид Чўлпон айтганидек адабиёт “ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви”.

Шу боис ҳам у руҳни юксалтиради, дидни ўткирлаштиради, шуурларга ёруғлик бағишлайди. Фақат адабиётгина инсонни жаҳолат гирдобидан халос этиб, маърифат мақомига олиб боришга қодир. Лекин бунинг муҳим бир шарти бор: унинг тилида фасоҳат ва балоғат бўлмоғи зарур.

Устоз Абдулла Ориф таъбири билан айтганда, “…чинакам адабиёт, шеърият намунаси бетакрор мазмун, гўзал ташбеҳ, сирли руҳ мутаносиблигидан юзага келади. Унинг ўқувчини бутунлай ўзга оламга олиб кириши, китобхон туйғуларига кучли таъсир этиши сабаби шунда”. Жаҳоннинг машҳур адибларидан бирининг диққатга сазовор эътирофи бор: “Математика, физика, умуман, табиий фанлар бир илм одамини етиштирмоғи мумкин. Чинакам ватанпарварни эса адабиёт тарбиялайди”. Шундай экан, миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

– Айрим ижодкорлар “бозор адабиёти”, “кўча адабиёти намуналари”ни танқид ўз тиғига олиши керак, дейди. “Танқиддан тубан” деб қараладиган бундай китобларнинг маънисизлигини таҳлил қилиб, далиллаб, асослаб бериш танқидчиликнинг вазифалари сирасига кирадими? Умуман, “ўзбек адабий танқиди сусайди”, “танқидчилар мудраб қолган”, “танқид ўлган”, деган гапларга қандай қарайсиз?

– Адабиёт ҳар доим барҳаёт бўлгани каби танқид ҳам ҳеч қачон ўлмайди. Фақат унинг шакли, фаолият миқёси ҳамда ифода ва қамров йўсини ўзгариши мумкин. Устоз мунаққид Иброҳим Ғафуров: “Янги замонда танқид ўрнини тадқиқот эгаллайди”, деб ёзар экан, бу фикрда жиддий асос бор. Ҳозирги вазият шуни тақозо этаётир. Лекин танқид бошқа, тадқиқот бошқа. Танқидда тадқиқот бўлиши яхши, бу унинг ишонтириш қувватини оширади. Лекин адабий танқиднинг етакчи белгиси саналган ижтимоий ҳаёт сари йўналганлик, жорий миллий воқеликка боғлиқлик тадқиқотга хос эмас. Агар юқорида айтилганидек, адабий жараён замонавий воқеликка юз бурса, ижодкорларимиз халқ ичига кириб борса, замонамиз қаҳрамонларининг чинакам бадиий образлари яратила бошланса, адабий танқид ҳам ўз мавқеини янада ошириши мумкин. Сиз таъкидлаган “бозор адабиёти”нинг том маънода бадиий адабиётга, бадиий ижодга алоқаси йўқ. Бу тоифа китобларнинг танқид тиғига олиниши бугунги давр таъбири билан айтганда, уларнинг рекламасига хизмат қилади. Бунда танқид «қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйиши» мумкин. Демак, уларнинг маънисизлигини таҳлил қилиб, далиллаб, асослаб бериш танқидчиликнинг фаолият доирасига кирмайди, десам, ажабланманг. Агар шундай қилинадиган бўлса, санойиъи нафиса – бадиий адабиёт уларни ўзига тенг кўрган ва бундай амал улар учун тарғибот вазифасини ўташи мумкин. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.

Ўткир АЛИМОВ, Нишонбой АБДУВОИТОВ (тасвирчи), ЎзА