АОКАда ўтказилган брифингда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда алиментга оид ундирув соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
— Таъкидлаш жоизки, ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши ҳамда ҳар томонлама камол топиши учун ғамхўрлик қилишлари муҳим масалалардан бири ҳисобланади, — деди Ф.Тошпўлатов. — Бугунги кунда ҳам алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш долзарб йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Таъкидланишича, Бюро органлари иш юритувида 300 мингга яқин алимент ва моддий таъминот ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳар бир давлат ижрочисига ойига ўртача 115 тадан шу тоифадаги ижро ҳужжатлари тўғри келмоқда.
Қарздорликни тўлаш истагида бўлган, иш ўрнига эга бўлмаган 19 мингдан ортиқ алимент тўловчининг бандлик масаласи ҳал этилди ва ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 1,2 трлн. сўмлик алимент пуллари ундирилди.
Шу билан бирга, 3,7 млрд. сўмлик (25 та) уй-жой ва 255 млн. сўмлик (2 та) транспорт воситасининг алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.
Эътиборлиси, алимент маблағларини ўз ихтиёри билан тўлаб келаётган фуқаролар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,6 фоизга ошди.
“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 10,9 млрд. сўм пул маблағлари 781 нафар ундирувчи ҳисобига ўтказиб берилди. Бу эса, мингдан ортиқ вояга етмаганларнинг моддий таъминотига қўшимча имконият яратди.
ЎзА