Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуаси спорт базасида уч кун давомида турли ёш тоифаларида қўл жанги бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Унда ҳудудлардан ташриф буюрган минг нафарга яқин спортчилар иштирок этди. Спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш, мусобақаларнинг тизимли равишда ўтказилиши ёшларни спорт тўгараклари, секция ва тўгаракларга кенг жалб этиш билан бирга иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва саралашга хизмат қилмоқда.
Мусобақанинг ҳар бир куни шиддатли ва муросасиз жангларга бой бўлиб, рингга республика ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат профессионал жамоалар билан бир қаторда ёш ҳаваскор спортчилар ҳам чиқди.
Якуний натижаларга кўра, ўсмирлар ўртасида 1-ўринни Жиззах вилояти, 2-ўринни Навоий вилояти, 3-ўринни эса Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси эгаллади.
Катталар ўртасида 1-ўринни Ички ишлар вазирлиги, 2-ўринни Миллий гвардия ва 3-ўринни Андижон вилояти жамоаси қўлга киритди.
Мусобақа якунида барча ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА