Бугунги мураккаб глобаллашув ва ахборот асрида миллатлараро ҳамда динлараро муносабат, тотувлик масаласи жамиятимиз ривожланишининг жуда аҳамиятли ҳодисалари сифатида юзага чиқмоқда.

Бу соҳадаги ишларни изчил давом эттириш, такомиллаштириш ва чуқурлаштириш энг долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ҳамда унинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли асарида миллатлараро ва динлараро тотувлик масаласига устуворликка эга мақсад сифатида алоҳида эътибор қаратилган.

Кейинги беш йилликда юртимизнинг ривожланишида бутунлай янги босқич бошланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да Янги Ўзбекистонни барпо қилиш стратегик мақсад қилиниб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Янги Ўзбекистонни шакллантиришда маънавий ва маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда уларни янада чуқурлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, барчамиз яхши тушунамиз, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда мана шу икки мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ва ота-боболаримизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

“…Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунчалик кучли бўлади”.

Маънавий тарбиянинг сифатини кескин ошириш мақсадида “Ўзбекистоннинг 2022-2032-йилларга мўлжалланган маънавий ривожланиш стратегияси”, “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастури ишлаб чиқилади. Мамлакатимизда яратилаётган маънавий тарбия тизимининг янги стратегияси халқимизни, айниқса, ёшларимиз орасида тарғибот қилинаётган маънавий-маърифий ишларнинг сифати ва мазмунини янги босқичга кўтаришни таъминлайди. Бу соҳадаги асосий вазифани кўрсатиб, Президентимиз шундай деган эди: “…Халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал қобилиятини ва дунёқарашини бойитиш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва содиқлик туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш бизнинг энг олий мақсадимиздир”.

Ҳозирги глобаллашув даврида турли бузғунчи ғояларнинг миллий қадриятларимизга таҳдиди, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият”, трансмиллий ва кибер жиноятчилик, одам савдоси, наркотропик, глобал пандемия таҳдидларининг хавфи борган сари кучайиб бормоқда. Мана шундай шароитда жамиятимизда маънавий тарбиянинг роли кескин ортиб бормоқда. Маънавий жиҳатдан сергак бўлиб яшаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш талаб қилинмоқда.

Қ.Юсупов,

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети

ҳузуридаги Нукус кончилик институти директори ўринбосари.

ЎзА