Нима сабабдан my.maktab.uz сайтида қўшимча квотага ариза топшираётган вақтда бўш ўринлар сони нолни кўрсатмоқда, аммо, қабул қилинган аризалар сони ошиб бормоқда?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати бунга изоҳ берди.

Қайд этилишича, сайтда жами қабул режа ва қабул қилинган болалар сони кўрсатилади. Бунда микроҳудуддан ташқари қўшимча квота бўйича фақат бўш ўринлар мавжуд бўлганда ариза топшириш мумкин. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, мактаб ёшидаги болаларни микроҳудуд бўйича давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш ҳуқуқи кафолатлангани боис, микроҳудуд бўйича қабул 15 августга қадар амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ва вилоят марказларидан ташқари бошқа ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар учун қабул қачон ва қай тартибда амалга оширилади?  

10 августдан сўнг электрон тизим орқали қабул қилинаётган мактабларда исталган ҳудуддан (чегарасиз) қабул жараёни амалга оширилади. Бунда белгиланган қабул режаси бўйича бўш ўринлар мавжуд бўлган (ўқувчилар сони синфда 35 нафарга етмаган) мактабларга қабул қилинади.

Рўйхатдан ўтаётган вақтда “Тошкент шаҳар ва вилоят марказларидан ташқари бошқа ҳудудда истиқомат қилувчилар” белгиси қўйилади ва “Менинг аризаларим” бўлимидан бўш ўрин мавжуд бўлган мактабни танлаш мумкин.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА