Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг амалдаги раиси, Шимолий Македония ташқи ишлари вазири Буяр Османини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасидаги парламентлараро алоқалар, гендер тенглиги, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга эришиш каби йўналишлардаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, кейинги йилларда ЕХҲТ билан ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди ва муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Жорий йилнинг апрель ойида қабул қилинган 2023-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ЕХҲТ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да кўзда тутилган хавфсизлик, иқтисодий-экологик ва ижтимоий ривожланиш, иқлим ўзгариши, гендер ривожланиш каби йўналишлардаги тадбирлар муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
2022 йилда биринчи марта ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ташаббус қилган “ЕХҲТнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш” резолюцияси қабул қилинди. Унда БРМни амалга ошириш, инклюзивликни ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасида аниқ тавсиялар мавжуд.
Шу нуқтаи назардан учрашувда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, “яшил” иқтисодиёт ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, гендер тенглиги масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Буяр Османи Ўзбекистонда кечаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА