Россиянинг «Регионы России» журналида «Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистон очиқлик йўлида етти йил» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Нашрда Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланган дастлабки кунлариданоқ мамлакат ташқи сиёсатини фаоллаштиргани ва бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини кескин оширгани қайд этилган.

«Ўз раҳбари туфайли бугунги кунда Ўзбекистон Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия ва бошқа давлатлар билан мустаҳкам шериклик муносабатларига эга, – деб ёзади журнал. – Биргина 2021 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг араб дунёси давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 1,8 миллиард долларни ташкил этди. Араб мамлакатларига товар экспорти 25 фоизга ўсиб, 1,2 миллиард долларга етди, импорт эса 3 фоизга камайди. Республика олтин, пахта, мева-сабзавот, тўқимачилик, кимё маҳсулотлари ва металларни фаол экспорт қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев қарийб 30 йиллик музокаралардан сўнг Қирғизистон билан чегара масаласини тўлиқ ҳал қилишга, мавжуд тушунмовчиликларни бартараф этишга муваффақ бўлди».

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси фаолияти натижалари қаторига транспорт тармоғи, энергетика, сув таъминоти, уй-жой қурилиши ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилган турли инфратузилма лойиҳаларини ҳам киритиш мумкин. Хусусан, Ўзбекистонда кўплаб йўллар қурилди, аэропортлар, электр тармоқлари, гидроэлектр станциялари модернизация қилинди.

Мақола интиҳосида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон гуллаб-яшнагани, замонавий инфратузилмага эга бўлгани, дунё бўйлаб кўплаб иттифоқчи ва ҳамкорларга эга бўлгани алоҳида таъкидланган. «Албатта, ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Лекин мамлакат раҳбарининг унинг ривожига қўшган ҳиссаси аллақачон кўзга ташланмоқда», – деб ёзади «Регионы России».

 

ЎзА