Ҳуқуқий муносабат

Давлат меҳнат инспекцияси қандай ваколатларга эга?  

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 535-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси иш берувчилар томонидан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, аҳолининг бандлиги, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ҳамда меҳнат стандартлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ва текширувини амалга оширади.

Шу билан бирга, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унга тўлиқ барҳам беришни мониторинг қилади. Меҳнат муносабатлари доирасида ходимлар ва иш берувчиларга маслаҳат ҳамда услубий ёрдам беради.

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?  

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача (16,5 млн сўмдан 33 млн сўмгача) миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган ҳолатда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шу билан бирга, яқинда педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун кучга кирди.Унга кўра, педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилган шахсга маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Меҳнат муносабатлари бузилган ҳолатни ким аниқлайди?  

Меҳнат муносабатлари бузилган ҳолатларни аниқлаш ва маъмурий жазо чораларини қўллашга Давлат меҳнат инспекциясининг меҳнат инспекторлари қўллашга ҳақлидир.

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори – меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини аниқлайди ва белгиланган тартибда чора кўради.

Давлат техник инспектори – меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги юзасидан мониторинг олиб боради ва белгиланган тартибда чора кўради.

Жарималар қай тартибда белгиланади?  

Давлат меҳнат инспекциясининг инспекторлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 255-моддасига асосан маъмурий жарималар қўллайди.

Биринчидан, иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги бузиш ҳолларида жарималар миқдори БҲМнинг беш баравардан ўн бараваригача, яъни 1 миллион 600 минг сўмдан 3 миллион  300 минг сўмгача белгиланган.

Такроран содир этилганда БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, яъни 3 миллион 300 минг сўмдан 4 миллион 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.

Иккинчидан, иш берувчи вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганда ҳам унга нисбатан БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, яъни 3 миллион 300 минг сўмдан 4 миллион 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.

Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилганда БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, яъни 3 миллион 300 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача жарима белгиланган.

Учинчидан, иш берувчи томонидан вакант ҳисобланган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни яшириш, ўз вақтида бандлик органларига тақдим қилмаганда БҲМнинг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача, яъни 3 миллион 300 минг сўмдан 8 миллион 200 минг сўмгача жаримага тортилади.

Такроран содир этилганда БҲМнинг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, яъни 8 миллион 200 минг сўмдан 16 миллион 500 минг сўмгача жарима қўлланилади.

Тўртинчидан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларни захирага қўймаган ва мавжуд иш ўринларига ишга қабул қилмаган иш берувчиларга нисбатан БҲМнинг ўн бараваридан йигирма бараваригача, яъни  3 миллион 300 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача жарима, қайта содир этилганда йигирма баравардан ўттиз бараваргача, яъни, 6 миллион 600 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчи ўз фуқаролик жавобгарлигини ушбу қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт экани белгиланган.

Иш берувчи томонидан мазкур талабларни бажармаганлик учун БҲМнинг етти бараваридан ўн беш бараваригача, яъни 2 миллион 300 минг сўмдан 4 миллион 900 минг сўмгача жарима белгиланган.

Такроран содир этилганда ўн бараваридан ўттиз бараваригача, яъни 3 миллион 300 минг сўмдан 9 миллион  900 минг сўмгача жарима қўлланилади.

Юртдошларимиз меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши ёки мажбурий тарзда меҳнатга жалб этиш ҳолатларига рўбарў келса, Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишлари сўралади. Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.

ЎзА