Жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 минг 355 нафар шахсга нисбатан 28 минг 379 жиноят иши кўриб чиқилди. Жиноят ишларини кўриб чиқиш асносида оқлов ҳукмлари чиқарилдими? Судланган шахсларга қандай жазолар тайинланди?

Бу саволларга Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов жавоб берди:

– Жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнида, албатта, ҳамма ҳам қораланмайди. Яъни, оқланган шахслар ҳам бор. Ҳисобот даврида судлар томонидан 564 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди. Судланган шахслар сони 27 минг 355 нафарни ташкил этиб, шундан 8 минг нафардан ортиқ шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 18 минг 539 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 722 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.

Судланган шахсларнинг 24 минг 249 нафари эркак, 3 минг 106 нафари аёл, 10 минг 557 нафари ёшлар (шу жумладан 950 нафари вояга етмаган) ва 892 нафари 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этди.

Тўрт минг нафардан зиёд шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди. 16 мингга яқин шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 6 мингдан зиёдига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди. 7 минг нафарга яқин шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

158 нафар шахс (ёшлар, аёллар ва бошқалар)га кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш каби жиноятлар ташкил қилди.

Кейинги ўринларда эса қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ва пора бериш билан боғлиқ жиноятлар қайд қилинди.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 7,3 мингдан зиёдроқ шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 805 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 4 минг 420 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Апелляция тартибида 7,5 минг нафар шахсга нисбатан 5 мингдан ортиқ жиноят иши кўриб чиқилди. 756 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1,8 мингдан ортиғига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 3 минг нафардан зиёд шахсга нисбатан 2 минг 638 жиноят иши кўриб чиқилди. 550 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 304 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Шунингдек, кассация инстанциясида 162 нафар шахсга нисбатан 145 жиноят иши такроран кўриб чиқилди. 106 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 47 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА