5 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий вазифаларни ҳал этишдаги масъулиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу билан бирга волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантириш, давлат органларининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда волонтёрларга кўмаклашиш, уларнинг хизматларини эътироф этиш ҳамда тақдирлаш механизмларини такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ушбу қонун билан Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда. Зеро статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда волонтёрлик гуруҳлари аъзоларининг 80 фоизини ёшлар ташкил этади.
Қонунга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, волонтёрлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби ваколатларга эга бўлади.
Ўз навбатида, Сенат аъзолари томонидан қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини оширишга ҳамда волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда, айниқса, ёшлар орасида хайрли ташаббуслар янада кўпайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ёввойи ҳайвонларнинг табиий зотга оид турларининг, айниқса, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларнинг барқарор яшаш шароитларини таъминлаш ҳамда сақлаб қолиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга йиртқич ва заҳарли ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда ёки тутқунликда сақлаш, улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, уларни жамоат жойларида сайр қилдириш натижасида турли нохуш ҳодисалар учраётганлиги тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Шу боисдан ушбу қонун билан ёввойи ҳайвонларни сақлашни тартибга солиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхатини, шунингдек, мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартибини белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклатилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ёввойи ҳайвонларни сақлаш ҳамда улардан турли мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, шунингдек, ваколатли давлат органининг ушбу йўналишдаги жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ветеринария соҳасидаги кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, самарали ветеринария назоратини таъминлаш ва ветеринария хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан ветеринария соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича замонавий таълим тизимини яратиш, шунингдек, мазкур соҳада фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини янада кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Шу боисдан ушбу қонун билан Давлат ветеринария хизмати таркибий бўлинмаларидан бирининг номини аниқлаштирувчи, шунингдек, ветеринария назорати объектларига монеликсиз кириш юзасидан бош давлат ветеринария инспекторларининг, улар ўринбосарларининг ва давлат ветеринария инспекторларининг ваколатларини қисқартирувчи ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Ўз навбатида, Сенат аъзолари томонидан қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ветеринария соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини янада таъминлашга ва давлат ветеринария инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширишларнинг тартибини такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган ишларни ўрганишда кўрсатилганидек, Сенат қарорида белгиланган бир қатор вазифалар ижроси етарли даражада таъминланмаганлиги, соҳадаги долзарб масалалар ўз ечимини топмаганлиги аниқланган.
Хусусан, дарё ўзанларида қум-шағал қазиб олиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби ишлаб чиқилмаган.
Дарёлардан қум-шағал қазиб олишнинг ерости сувлари ва экологияга салбий таъсир кўрсатаётганлигини инобатга олиб, дарёларни тасарруф этувчи ягона органни белгилаш бўйича таклиф киритилмаган.
Чирчиқ, Зарафшон, Оқдарё, Қашқадарё, Сангзор ва Қорадарёларидан саноат миқёсида қум-шағал қазиб олишга мораторий эълон қилиш масаласи юзасидан аниқ бир қарорга келинмаган.
Ҳудудларда норуда фойдали қазилмалар ҳамда қурилиш учун қум, чақилган тош маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ихтисослаштирилган саноат зоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаган.
Сенаторлар томонидан Зарафшон дарёси қирғоғида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида ерости сувлари сатҳи 3-4 метргача пасайиши оқибатида дарахтлар қуриб қолаётганлиги, Қорадарё ва Оқдарёда қум ва шағал ноқонуний қазиб олиниши атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсир кўрсатганлиги, ҳозирги кунда дарёларнинг сув сатҳи 5 метрга пасайиб кетганлиги ҳамда дарёлар ўзанлари устига қурилган автомобиль йўлларидаги кўприкларнинг таянч устунлари очилиб қолганлиги таъкидланди.
Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 9 та масала, шу жумладан, 7 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ учинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Aхборот хизмати