Экспертлар келгусида иқлим ўзгариши ва глобал исиш туфайли дунёда баъзи хавфли эпидемиялар авж олишидан хавотир билдирган.
Муаммонинг дастлабки белгилари аллақачон намоён бўла бошлаган. Масалан, ёғингарчилик ва бўрон-у тўфон мавсумида вабо касаллиги авж олиши маълум. Одатда, декабрдан мартгача бўлган давр ёмғирга бой. Африканинг Малави давлатида худди шу ойларда вабога чалиниш ҳолати кузатилганди. Вақт ўтиши билан эпидемиологик вазият ўзгаряпти.
Хусусан, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакили Геррит Мариц қайд этишича, ўтган йил март ойига келиб бу мамлакатда эндемик вабо эпидемияга айланди. Яъни қурғоқчилик мавсумида вабо тарқалиши кузатилди. Жорий йил айни ҳолат янада кучайди. Февраль ойи бошида кунлик касалланиш сони 700 тага етди. Ўлим даражаси 3,3 фоизни ташкил этди. Бу одатдагидан уч баробар кўп. Март ойига келиб эса вабо 1600 нафардан зиёд одамнинг ҳаётига зомин бўлди.
ЖССТ маълумотига кўра, 2022 йил 30 мамлакатда ушбу касаллик эпидемияси қайд этилган. Бу ҳолат аввалги йилларга нисбатан кўрсаткич ўртача 50 фоиз ошганини англатади. Шу боис олимлар иқлим кескин ўзгариши вабога чалиниш ҳолати ортишига сабаб бўлади, дея хулоса қилишмоқда.
ЎзА