Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон Экологик ҳаракатига 15 йил тўлиши муносабати билан “Соғлом муҳит – соғлом инсон” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алихонов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни Экоҳаракатнинг 15 йиллиги билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Экологик ҳаракати 2008 йил 2 август куни нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари ва эколог мутахассислар ташаббуси билан ташкил этилди. Ўтган 15 йил давомида Экоҳаракат томонидан марказда ва жойларда ҳамда хорижда 5,1 миллиондан ортиқ иштирокчи қатнашган 14,5 мингдан зиёд турли таҳлилий-амалий тадбир ташкил этилди. Ушбу йўналишда Орол фожиасининг Оролбўйи ҳудуди аҳолиси саломатлиги ва атроф-муҳит ҳолатига салбий таъсирини юмшатишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида АҚШ, Германия, Япония, Бельгия, Швейцария ва бошқа давлатларда ташкил этилган тадбирлар жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг бешта ижтимоий буюртмаси, 20 грант лойиҳасини амалга ошириш тадбирларига маҳаллий аҳоли вакиллари кенг жалб қилинди. Лойиҳалар доирасида Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига тиббий ташхис ускуналари тақдим этилди, қуёш фотоэлектрик панеллари ўрнатилди ҳамда тиббиёт ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Табиатни асрашга қаратилган тадбирларда Экоҳаракатнинг 3000 нафардан ортиқ “Ёшлар қаноти” аъзоси фаол иштирок этмоқда. Уларнинг ташаббуси билан 2019 йилнинг 26 январь куни мамлакатимизда илк бор “Юртимизни янада обод қилайлик!” ғояси остида умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилди.
Мазкур умумхалқ экологик ҳашарида 27 минг гектар майдон ободонлаштирилди, ҳудудлардан 39 минг 689 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилди, 23 минг метрдан ортиқ ариқ ва зовур тозаланди, қабристон ва зиёратгоҳлар тартибга келтирилди. Хайрия ҳашаридан тушган 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ Оролбўйи ҳудудининг экологик ҳолати, аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга йўналтирилди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳаракат фаолларига ташаккурнома ва совғалар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА