Жорий йил мамлакатимизда Мустақиллик куни айни шу бош ғоя негизида нишонланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 27 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидек, “Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан суҳбатимиз ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти талқинидан бошланди.
– Президентимизнинг Мустақиллик байрамини нишонлашга бағишланган мазкур қарорида мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, Конституциямизнинг янги таҳрирда қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади, дея эътироф этилгани бежиз эмас, – деди А.Саидов. – Чунки Мустақиллик — биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг ўқ илдизи. Миллий суверенитет биз пойдеворини тиклаётган Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам таянчидир.
Аслида ҳам тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда Янги Ўзбекистон давлати беш конституциявий белги асосида, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эълон қилиниб, инсон қадрини янада улуғлаш ва “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича давлатнинг конституциявий мажбуриятлари алоҳида муҳрлаб қўйилди. Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар 3 баробар кўпайтирилди.
Юртимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, айниқса, таълим тизими ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, уларнинг касбий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга хизмат қилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, шунингдек, хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.
2023 йил 11 апрелда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Қонун билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқи, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилди.
Бундан буён жинсий зўравонлик, жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш мумкин эмас.
Янгиланган Конституцияга мувофиқ, жорий йил 16 июнда «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имконияти кенгайтирилди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кам таъминланганларга, тенг ҳуқуқлилиги бузилган хотин-қизлар ва эркакларга ҳамда психиатрия ёрдамини олган шахсларга кўрсатилиши белгиланди.
– Президент қарорида мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар асосида кенг ёритиш тавсия этилган. Шу маънода сиз раҳбарлик қилаётган Миллий марказ фаолияти ҳақида амалий мисоллар билан мухтасар сўзлаб берсангиз?
– Миллий марказ ўз фаолият йўналишлари доирасида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича мамлакатимиз миллий маърузаларини тайёрлаш ва БМТнинг шартномавий қўмиталарида кўриб чиқиш натижаларини депутат, сенаторлар томонидан мунтазам эшитиб бориш, шартномавий қўмиталар тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режалари Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши амалиёти такомиллашмоқда.
Амалий мисолларга келсак, ўтган олти ойда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш йўлида “Йўл харитаси”нинг 62 та банди юзасидан чора-тадбирлар бажарилганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу — Миллий стратегия ижроси 79 фоизга етди, дегани.
2023 йил биринчи ярмида Миллий стратегия доирасида 7 та қонун, Президентнинг 8 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилинди, 1 та халқаро шартнома ратификация қилинди. Соҳага алоқадор учта муҳим ҳужжат:
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси;
Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачи Ф.Ни Аолайн тавсияларини бажариш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси;
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Дастлабки миллий маърузаси лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган 3 та Миллий ҳаракатлар режаси ижроси мониторинг қилинди. Хусусан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси (жами 43 та банд) 8 та банди бўйича ишлар якунланди.
Шунингдек, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидалари ижроси юзасидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг (жами 69 та банд) 14 та банди бажарилди.
Бундан ташқари, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг (жами 34 та банд) 8 та бандидаги вазифалар тўлиқ амалга оширилди.
– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2020-2024 йилларда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2023-йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурининг ижросига ҳам Миллий марказ масъул ҳисобланади. Шундай эмасми?
– Албатта, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида жорий йилнинг дастлабки олти ойида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида видеоконференция; “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” хештеги, “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси, “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови каби кўплаб мулоқот ҳамда учрашувлар ўтказилди.
Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона, Бухоро, Тошкент, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслар ташкил этилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда Бухоро шаҳрида “Нелсон Мандела қоидалари ва қийноқларнинг олдини олиш” мавзусида тренинг ўтказилди. Ушбу машғулотларда Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари вакиллари қатнашгани эътиборга молик.
– Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштиришдаги ҳиссаси қандай бўлмоқда?
– Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизадан ўтказиляпти. Жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра, Миллий марказга турли вазирлик ва идоралардан келган 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси экспертизадан ўтказилган.
Шулардан 24 таси қонун лойиҳаси, 3 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони, 1 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, 6 таси Вазирлар Маҳкамаси қарори, 1 таси – Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаларидир. Ҳуқуқий экспертиза доирасида ушбу лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича жами элликдан зиёд таклиф билдирилди.
Шу даврда Миллий марказ ташаббуси билан учта норматив-ҳуқуқий ҳужжат:
Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори;
2023 йил 24 февралда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори;
2023 йил 12 майда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги фармони лойиҳалари ишлаб чиқилди.
– Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик самаралари ҳақида ҳам тўхталсангиз?
– Аввало, бу йил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг нишонланишини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу саналар доирасида халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 12 майдаги фармони билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Тадбирлар дастури тасдиқлангани, айниқса, муҳим аҳамият касб этди.
Дастур 30 та банддан иборат бўлиб, ўтган икки ойнинг ўзида 6 та банд бўйича ишлар тўлиқ бажарилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Миллий марказ вакиллари Нью-Йорк, Женева, Пекин, Жидда, Вена, Варшава, Скопе, Москва, Санкт-Петербург, Олмаота, Остона шаҳарларида инсон ҳуқуқлари мавзусидаги турли форумларда қатнашди. Миллий марказнинг ўзида ҳам 20 га яқин халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюркнинг юртимизга расмий ташрифи якунларига оид тавсиялари асосида “Йўл харитаси” тайёрланди. Ҳужжат парламент палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланди.
– Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мониторинг натижалари қандай бўляпти?
– Бунда аввало Миллий марказга 2023 йил биринчи ярмида почта орқали – 682 та, шахсий қабул жараёнида – 168 та, телефон орқали – 1 200 дан зиёд мурожаат келиб тушгани хусусида тўхталиш зарур, деб ҳисоблайман. Ушбу мурожаатлар қонун талаби асосида кўриб чиқилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашилди.
Шунингдек, Миллий марказ томонидан ҳамкор ташкилотларни жалб қилинган ҳолда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар идораларида жойлашган вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилди.
Мониторинг ташрифи давомида маҳкумлар учун яратилган шароит, жумладан, уларнинг даволаниши, дам олиши, озиқ-овқатининг сифати, меҳнат шароити, муассаса ходимларининг уларга нисбатан муомаласи, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалалар ўрганилди.
– Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ахборий-маърифий ва ноширлик фаолияти қандай амалга оширилмоқда?
– Шу йилнинг январь-июнь ойлари давомида Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқларига оид 15 та китоб тайёрланди ва чоп этилди. Жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари: халқаро ва миллий даражада ҳимоя қилиниши” ўқув қўлланмалари, “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва миллий қонунчилик” тўплами, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси матни ўзбек (кирил ва лотин имлосида), қорақалпоқ (кирил ва лотин) ва рус тилларида чоп этилиб, давлат органлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчиликка тарқатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши ташкил қилинди. Ушбу кутубхоналарга жами 2150 дона китоб ва 600 дан зиёд илмий-ҳуқуқий журнал беғараз тақдим этилди.
Миллий марказ фаолияти тўғрисида ўтган 6 ойда хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларида 324 та ахборот эълон қилинган. Шунингдек, марказнинг расмий сайтида 426 та, Facebook, Telegram, You tube, Twitter каби ижтимоий тармоқларда 1 809 та материал берилди.
Миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг биринчи ва иккинчи сонлари, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналининг эса биринчи сони нашр этилди.
Буларнинг барчаси бир томондан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг мазмун-моҳиятини мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигига чуқур тушунтиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, Истиқлол байрамимизнинг “Ҳар бир кун, бу — имконият, ҳар бир кун, бу — келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиори аҳамиятини айнан инсон ҳуқуқлари талқини тимсолида теран очиб беришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “бугун биз интилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш осон эмас. Бундай улуғ вазифанинг шарти ва мезонлари кўп, аммо энг муҳим ва ҳал қилувчи омил, бу — демократик ислоҳотлар йўли. Шу боис халқимиз манфаатига тўла жавоб берадиган бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”.
Ғулом Мирзо суҳбатлашди.
ЎзА учун махсус