Бугун Озарбайжон заминида ўзбек романчилиги асосчиси, севимли адибимиз Абдулла Қодирийнинг озар тилидаги қайта нашр қилинган “Ўткан кунлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Биламизки, мустаҳкам тарихий илдизларга эга икки халқ дўстлиги, ҳамкорлиги бугунга қадар ўзбек халқини Озарбайжоннинг энг севимли, нодир асарларини ўзбек тилида, ўзбек миллий адабиётининг энг сара асарларини озар тилида ўқиш имконини берган ва бу анъана хануз давом этиб келмоқда. Бугун ана шу адабий алоқалар тарихининг янги саҳифаси очилди десак янглишмаймиз. «Ўткан кунлар» романининг китоб ҳолида тўртинчи маротаба қайта нашр этилгани, асарнинг озар китобхонлари учун қанчалик ардоқли эканини кўрсатиб турибди.

Олдинда бизни Озарбайжон халқи билан биргаликда амалга оширишимиз шарт бўлган вазифаларимиз жуда кўп. Шу боисдан, келажак авлодга ҳар икки давлат маданияти, санъати, адабиётини яқиндан танитиш, тарғиб қилиш, аждодлари ҳақидаги тасаввурларини тарихий манбаларга асосланган ҳолда жонлантиришга оид лойиҳаларни амалга оширишимиз лозим.

Такрорлашни истардимки, бугунги тарихий кун мавжуд ҳамкорлик, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очишга хизмат қиляпти.

 

Озодбек Назарбеков,    

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.    

ЎзА