2023 йил 4 август куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда куни кеча Сенат кенгашининг қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда кўриладиган масалалар Сенат қўмиталарида кўриб чиқилмоқда. Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, кассация тартибидаги шикоятларни кўриш ваколати фақат Олий судга берилгани фуқароларнинг оворагарчилигига сабаб бўлиш билан бирга иш ҳажмининг кескин ошиб кетишига олиб келмоқда.
Қонун бу муаммоларни бартараф этиш, энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказилмоқда.
Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш институти жорий қилинмоқда. Апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.
Юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда ишни янгитдан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиёти тугатилмоқда.
Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссиялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган мажлисда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА