Бугун, 1 август куни пойтахтимизда Осиё ва Океания давлатларининг ёш хоккейчилари учун халқаро ўқув-машғулот йиғини бошланмоқда.
Осиё Олимпия кенгаши, Халқаро хоккей федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур йиғинда 31 та давлатнинг 16 ёшгача бўлган 150 нафарга яқин ёш хоккейчилари иштирок этмоқда.
Келаси йил ўсмирлар ўртасида ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган машғулотлар 7 августга қадар давом этади.
—Ўзбекистон йирик спорт мусобақалари марказига айланиб бормоқда. Хусусан, қишки спорт турлари ривожига алоҳида эътибор берилаётгани яратилган шарт-шароитларда ўз аксини топган. Бир ҳафталик ўқув-машғулотлар ёш хоккейчиларда қишки спорт турларига бўлган меҳрни янада оширади, — деди Осиё олимпия кенгашининг спортчиларни ривожлантириш ва махсус лойиҳалар бўлими раҳбари Тони Тарраф.
Айтиш лозим, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Баҳрайн, Янги Зеландия, Хитой Тайпейи, Гонконг, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Қувайт, Ливан, Макао, Малайзия, Мўғулистон, Уммон, Филиппин, Қатар, Сингапур, Таиланд, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам каби давлатларнинг вакиллари шу кунларда Тошкентдаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларида қатнашиш учун пойтахтимизда жам бўлган.
Юртимизда илк бор ёш хоккейчилар учун ташкил этилаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтказиш, хорижлик спорт жамоаларига зарур шарт-шароитларни яратиш борасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон хоккей федерацияси томонидан махсус дастур ишлаб чиқилди. Зарур ишлар амалга оширилди.
– Юртимизда нуфузли халқаро спорт тадбирларининг ўтказилиши йилдан-йилга анъана тусини олмоқда. Бу, Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътибори юксалаётганидан далолат бўлиши билан мамлакатимиз дунё спортининг марказларидан бирига айланаётганининг амалий ифодаси ҳамдир. Бугунгача Осиё олимпия кенгаши, Халқаро хоккей федерацияси ҳамда 30 дан зиёд давлатларнинг вакиллари, халқаро экспертлар юртимизга етиб келди. Шу ўринда айтишим лозим, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда хоккейнинг, умуман қишки спорт турларини ривожлантиришнинг халқаро талабларга жавоб берадиган инфратузилмаси яратилди. Бошланаётган ўқув-машғулотларда қатнашадиган қитъа ёшлари орасидан келгусида жаҳон тан оладиган кучли спортчилар етишиб чиқиши шубҳасиз. Айнан уларнинг халқаро даражада юксалишига Тошкент машғулотлари пойдевор бўлиб қолса ажаб эмас, – дейди Ўзбекистон хоккей федерацияси бош котиби Элбек Маҳмудов.
Мазкур ўқув-машғулот йиғинини Халқаро хоккей федерацияси бошқарув кенгашининг спортни ривожлантириш бўйича менежери Харалд Спрингфилд бошчилигидаги 9 нафар инструктор назорат қилиб бориши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу хоккей байрамининг тантанали очилиш маросими бугун пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” муз саройида бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА