Бугун, 1 август куни Хитойда давом этаётган Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида мамлакатимизнинг 25 нафар спортчи-талабаси дзюдо, теннис, ушу, таэквондо, енгил атлетика спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этади.

Дзюдочиларимиз жамоавий баҳсларда медаллар учун кураш олиб борса, теннисчиларимиз Максим Шин ва Сергей Фомин австралиялик Вичензо Финангнон ва Жошуа Масвелл Чарльтон билан, Файзулло Мирзаганиев ва Алия Мусабекова Колумбия жамоаси аъзолари Торрес Гонзалез ва Хамиес Падилла жуфтликлари билан 2-тур ўйинларида куч синашади.

Ушу мусобақаларида Муҳаммадали Юлдашев туркиялик Нусрет Алтункая билан 1/8 финалдан баҳсларга киришади.

Таэквондочиларимиздан Амирбек Тўраев, Шуҳрат Салаев, Мадинабону Маннопова, Озода Собиржонова, енгил атлетикачиларимиздан Фарида Солиева, Сайина Ҳошимова, Хушноза Шавкатова ва Малика Насриддинова Универсиада ўйинларидаги иштирокини бошлашади.

Ўйинлар доирасида мамлакатимиз спорт делегацияси раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Талабалар спорти ассоциацияси раиси Жасур Акрамов Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси президенти Леонс Эдер билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантиришга берилаётган алоҳида эътибор хусусида сўз юритилиб, 2025-2026 йиллар Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси томонидан ўтказиладиган жаҳон чемпионатлари ва Универсиада ўйинларига бағишланган форум ва ассамблея тадбирларини Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Маълум бир келишувларга эришилди.

Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига тўхталадиган бўлсак, юртимиз спортчилари бугунгача 3 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда 100 дан зиёд давлатлар орасида умумжамоада 19-ўринда бормоқда.

Медаллар жамғаришда Хитой, Жанубий Корея ва Япония жамоалари етакчилик қилмоқда.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА