Сирдарё шаҳрида EXEED автомобиль ишлаб чиқариш заводи ишга тушди.
Заводда учта EXEED модели – LX, TXL ва VX асосида янги замонавий автомобиллар йиғилмоқда. Корхонани бошқариш 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган ва кўплаб Ўзбекистон енгил автомашиналарини дунёга танитган бренд ишлаб чиқарувчиси “Asaka Motors” га топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 май куни Хитой давлатига ташрифи чоғида рамзий тугмани босиб, мамлакатда 3,3 миллиард долларлик 15 лойиҳани – автомобиль ва электромобиллар, металл ва қурилиш маҳсулотлари, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва бошқа қувватларни ишга туширишга, янги корхоналар қурилишига старт берган эди. Автомобилларнинг сотуви айни пайтда қизғин тус олган. Лойиҳа бутловчи қисмлардан йиғиш (SKD) босқичида йилига 20 мингтагача ва тўлиқ ишлаб чиқариш цикли (CKD) босқичида йилига 150 минг дона автомобиль ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.
– Заводда замонавий технологиялар ва илғор ишлаб чиқариш усуллари қўлланилган бўлиб, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради, – дейди “Asaka Motors” завод бош директори Акрамжон Тўхтабоев. – Айни кунларда заводда проект менежери, хитойлик Лианг Жун Лонг назорати остида 50 нафар сирдарёлик ва тошкентлик йигитлар автомобиль йиғиш сирларини ўзлаштириб, фаолият олиб боришмоқда, – дея ўз фикрларини баён қилди корхона муҳандиси Даврон Одилов. Янги автомобилларни синовдан ўтказишда 20 йиллик тажрибага эга бўлган Ҳусанбой Абдукаримовнинг хизматларини ҳам эътироф этиш жоиз.
– Янги, замонавий, тежамкор, рақобатбардош автомобиль заводи илк бор ишга туширилгани, аввало, мустақилликка эришганимиз, қолаверса, Президентимизнинг ташаббусларидир, – дейди Экологик партиянинг вилоят кенгаши депутати Акмал Икромов. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллик байрами арафасида 300 дан зиёд енгил автомобиль ишлаб чиқарилиб, сотувга қўйилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА