Ҳиндистонда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчиси кумуш медални қўлга киритди.
Қитъанинг энг умидли оғир атлетикачилари иштирок этаётган чемпионатнинг иккинчи кунида терма жамоамиз аъзоси Миразиз Мирсобиров ўсмирлар ўртасида 55 килограмм вазн тоифасининг силтаб кўтариш машқида 125 килограм тошни бўйсиндириб, иккинчи ўринни эгаллади.
Ҳамюртимиз даст кўтариш машқида 102 килограмм ва икки кураш натижасига кўра, 227 кило натижа қайд этди ва умумий ҳисобда 4-ўриндан жой олди.
Бугун, 30 июль куни чемпионат мусобақалари қизлар ўртасида 49 ва 55 кило оғирликларда бўлиб ўтади. Унда терма жамоамиз аъзоларидан Зиёда Рамазанова, Шахноза Жабборова ва Зиёда Худойқулова ўз омадларини синаб кўради.
Мамлакатимизнинг 36 нафар спортчиси иштирок этаётган қитъа чемпионати 5 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА