Кўксарой қароргоҳида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Шундан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдўғонни юртимизга ташрифи билан қутлади.
Мулоқотда кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари, икки томонлама муносабатларнинг янги истиқболларини белгилаш ва ривожлантириш муҳокама қилиинади. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик, жумладан, глобал ва минтақавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Аввал хабар берилганидек, ташриф доирасида Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиқади.
Президентлар Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари раҳбарларининг қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон – Туркия музокаралари якунида Президентлар икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати ва уни жадал ривожлантириш масалалари акс этган Қўшма баёнотни имзолаши режалаштирилган.
Ташриф доирасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро турли соҳаларга оид салмоқли ҳужжатлар тўплами ҳамда қатор инвестиция келишувлари имзоланиши кутилмоқда.
Ташриф дастуридан Туркия делегациясининг Бухоро шаҳрида бўлиши ҳам ўрин олган.