Шимолий Европанинг бир қатор давлатларида муқаддас Қуръонни ёқиш ҳаракати замонавий дунёда кескинликни кучайтиришга қаратилган ножоиз иғводир. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев шундай баёнот берди.
Президент матбуот хизмати ҳужжатида келтирилишича, Тоқаев бундай ҳодисаларни халқлар ва давлатлар ўртасидаги ишончни бузишга қаратилган номақбул провокация, деб ҳисоблайди. Давлат раҳбари фикрича, тегишли давлатлар диний вандализмни цивилизациялашган, умумий эътироф этилган меъёрларга зид ҳатти-ҳаракат сифатида бир овоздан қоралаши керак. “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ҳам бу борада ўзининг салмоқли сўзини айтиши шарт”, дея қўшимча қилинган баёнотда.
Сўнгги марта 21 ва 24 июль кунлари намойишчилар Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида муқаддас Қуръонни ёқиб юборишди. 28 июнь куни Стокгольм марказида полиция рухсати билан шундай ҳодиса билан боғлиқ акция ўтказилган.
ЎзА