Кеча АҚШ 46-Президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер Байден прокурорлар билан келишуви барбод бўлгач, солиқ жинояти билан боғлиқ айбини тан олишдан бош тортди. Судья Мэриэллен Норейка келишув шартидан хавотир олиб, суд жараёнини тўхтатди, деб ёзган “AP” агентлиги.
Хабарда айтилишича, суд мажлисида адвокатлар ва судья ўртасидаги келишув айбланувчини келажакдаги айбловлардан ҳимоя қила оладими, деган савол келиб чиққан. Шундан сўнг Байден қурол сақлаш айблови билан жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун солиқ жинояти бўйича айбини тан олмаслигини айтган.
Аввалроқ кичик Байден 2017 ва 2018 йилларда 100 минг доллардан ортиқ солиқ тўламагани тўғрисидаги икки жиноятини тан олган. Айбланувчига, шунингдек, гиёҳванд моддалар қўллаш, ўқ отар қурол сақлаш айби ҳам қўйилган. Айни бандлар бўйича у тергов билан “судгача келишув тузишга рози”, бироқ расман бу айбловларни тан олмади.
Дарвоқе, АҚШ Адлия вазирлиги илк бор амалдаги давлат раҳбарининг ўғлига қарши айблов эълон қилган.