Қозоғистон ҳукумати 2023-2025 йилларга мўлжалланган “Соя” иқтисодиётига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлади. Ҳужжат Молиявий мониторинг агентлиги томонидан манфаатдор давлат идоралари билан бирга ишлаб чиқилган. Тегишли қарорни Бош вазир Aлихан Смаилов имзолади.
Режада солиқ ва божхона маъмуриятини такомиллаштириш, самарали рақобат ва бюджет тақсимотини таъминлаш, аҳолини ноқонуний тадбиркорликдан ҳимоя қилиш сингари мақсадларга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу жараён божхона текшируви самарадорлигини ошириш, божхона тартиб-таомилини оптималлаштириш имконини беради. Ҳужжатдан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид қўшимча чора-тадбирлар ҳам ўрин олган.
Ахборотда келтирилишича, 2025 йилга бориб улгуржи ва чакана савдодаги соя айланмаси 5 фоизгача қисқариши лозим. 2022 йил бу кўрсаткич 6,7 фоизни ташкил этган. Транспорт ва омбор хўжалиги соҳасида 2,4 фоиз кўрсаткичга эришиш режалаштирилган.
Мазкур режани амалга оширишда норасмий бандликни қисқартириш ва ноқонуний фаолиятга чек қўйиш ҳам назарда тутилган. Кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2022 йилдаги 36 фоиздан 2025 йилда 37,5 фоизга кўтариш мақсад қилинган.
ЎзА