Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби экологик муаммолар долзарб бўлиб бормоқда. Айниқса, аҳоли сони ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши, уларнинг сувга бўлган талаби ортиб бориши сув муаммосининг йилдан-йилга кучайиб боришига сабаб бўлмоқда.

Бу борада мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида соҳада замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сув хўжалигини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроевнинг Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитди.

— Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепциясида аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш белгилаб қўйилган, — деди вазир. — Мазкур концепция доирасида амалга оширилган ишлар натижасида соҳада сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан жами 3,1 миллиард куб метр сув тежалди. Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш жараёнларининг аниқ ва шаффофлигини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида соҳага рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Концепция доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг грант маблағлари ҳисобидан 61 та сув хўжалиги объектида сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи “ақлли сув” қурилмалари, 15 та кичик метеостанция ҳамда жойлардаги вазиятни визуал назорат қилиш имконини берувчи кузатув камералари ўрнатилган. Шу билан бирга, сув ресурсларини мониторинг қилиш маркази ташкил этилган. 1 минг 446 та насос станциясининг сув миқдорини “онлайн” мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилган. Натижада насос станцияларида сувнинг назорати ва ҳисоб-китобини онлайн тарзда юритиш, сувни оператив бошқариш, сувдан қатъий лимит асосида фойдаланиб сув ресурсларининг беҳуда сарфи олдини олиш ҳамда электр энергия сарфини онлайн мониторинг қилиш имкони яратилмоқда.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда республикамизда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет каби усулларда суғориш, шунингдек, ерларни лазер ускунали ер текислагичлар билан текислаш технологияларини жорий қилиш устувор вазифа сифатида танлаб олинган.

Масалан, 2018 йилгача республика бўйича сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1 миллион гектарга етган. Жумладан, Концепция доирасида 2022 йилда республика бўйича жами 398,4 минг гектарда томчилатиб, 31 минг гектарда ёмғирлатиб, 16,3 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 451,9 минг гектар майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текисланган.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди. Хусусан, соҳага давлат-хусусий шериклик механизми ва сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига етарлича эътибор қаратилмаяпти. 2023 йилда мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари учун ажратилган 421,6 млрд. сўм маблағдан 62,6 млрд. сўм ёки йиллик лимитнинг бор йўғи 15 фоизи ўзлаштирилган. Бу эса қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришда сув билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаришига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Соҳада томчилатиб суғориш технологияларининг айримлари бир мавсум давомида фойдаланилмоқда, баъзи ҳудудлар тупроқ таркиби илмий жиҳатдан ўрганилмасдан томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани эса суғориш технологияларининг самарадорлигга салбий таъсир кўрсатган. Шунингдек, сув хўжалиги соҳасига илмий тадқиқотлардан кенг фойдаланиш ва инновацион ишланмаларни жорий этиш борасида ҳам ишлар қониқарли даражада эмаслигини депутатлар танқидий баҳолашди.

Шунингдек, халқ вакиллари жойлардаги ўрганишлари давомида сув таъминоти ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида дуч келинган қатор муаммоларни ўртага ташладилар. Вазир депутатларнинг саволларига жавоб қайтариб, тегишли чоралар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Парламент эшитувида депутатлар сув хўжалигини ривожлантириш, соҳада сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва хизмат кўрсатиш, замонавий бошқариш тамойилларини жорий қилишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА