Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси томонидан 2023 йил 14 июнда тасдиқланган медиа-тадбирлар режасига мувофиқ Хўжайли туманига “Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш – бугунги даврнинг муҳим талаби” мавзусида медиа-тур ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Хўжайли тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб тумандаги “Midasiatex Cluster» МЧЖ пахта кластерининг далаларида жорий қилинган сув тежовчи технологиялар билан яқиндан танишди.

Мазкур кластер раҳбари Қанияз Аташев журналистларга сув тежовчи технологияни ўтган йилдан бошлаб жорий қилишни бошлагани ва ҳосилдорликни оширишга эришилгач, жорий йил тежамкор технологияларнинг яна бир неча усулларини тажриба қилиб кўраётгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, пахтачиликнинг илғор технологияларидан бири кўчатни плёнка остида етиштириб, чигит экилган пайтда бир йўла плёнка ва томчилатиб суғоришнинг шлангларини тўшаб амалга ошираётган ишлар билан таништирди. Пахта етиштиришда яна бир тажриба – пахта даласига майдаланган ўсимлик қолдиқларини биогумус билан аралаштирилган ҳолатда ғўза жўяларига тўшаш орқали намликни сақлаш, сувга бўлган талабни камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича синовдан ўтказилаётган технология ҳақида ҳам дала майдонига бориб, маълумотлар берди.

Таъкидланишича, мазкур технология орқали ҳосил етиштирилганида, яъни ўсимлик қолдиқлари ҳар хил миқдорда мульча сифатида тўшалганда, анъанавий усулга нисбатан мавсумий сув миқдори 12,2-16,4 мм/га гача, умумий сув истеъмол миқдори 9,4-10,8 мм/га гача, 1 тонна ҳосил учун сарфланадиган сув миқдори 19,5-20,9 мм/га гача кам сарфланиши аниқланган.

Медиа-тур иштирокчилари Хўжайли тумани “Саманкол” ОФЙ ҳудудидаги балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди. “Савдо маркази” МЧЖ раҳбари Зарипбай Бекимбетовнинг маълумот беришича, аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган талабининг юқорилигини ҳисобга олиб, мазкур лойиҳасини амалга оширган. Умумий қиймати 4,4 миллиард сўмни ташкил қиладиган лойиҳани ишга қўшишда 3,4 миллиард сўм банк кредит маблағидан фойдаланилган. Медиа-тур давомида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича тавсиялар бўйича тайёрланган материал ва буклетлар тарқатилди. Шунингдек, ёмғирлатиб суғориш, экин майдонларини лазерли ускуналар ёрдамида текислаб, сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланаётган бир гуруҳ фермерлар ўзларининг тажрибалари ва эришган натижалари ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА