Ўзбекистон Бадиий академияси ахборот хизматига кўра, 2022 йилнинг 29 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари томонидан «Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда тасдиқланган эди.
Ушбу қўшма режага биноан Қозоғистон Республикаси пойтахти – Остона шаҳрида сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш назарда тутилганди.
Мазкур вазифа юзасидан 2022 йил 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилиниб, Ўзбекистон Бадиий академиясига ҳайкални бронзадан ясаш ва манзилга етказиш вазифаси топширилган эди.
Куни кеча улуғ мутафаккир бобокалонимизнинг ҳайкали Остона шаҳрида ўрнатилди.
Баландлиги тўрт метрдан ортиқ бўлган мазкур ҳайкал Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Жасвант Анназаров томонидан яратилди.
Шуни айтиш керакки, бугунги кунга қадар Алишер Навоий ҳайкали дунёнинг Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе, Сеул каби шаҳарларида ўрнатилган. Буларнинг барчаси асрлар оша ҳикматлари ҳамон барҳаёт бўлган, инсониятни покликка, тўғриликка, ҳалолликка, тинчликка, ҳамжиҳатликка, маърифатга даъват этган ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг ижодига бўлган чексиз эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.
Н.Усмонова,
ЎзА