ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғинида 5 минг 286 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳалладаги 41 нафар ишсиз фуқаро доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, 10 нафар киши жамоат ишларига жалб этилган бўлса, яна 76 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиши ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 1 миллиард 923 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

Света Қорабоева ўзини ўзи банд қилган фуқаролардан. Қуёнчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун унга 15 миллион сўм банк кредити ажратилган. Ҳозирда унинг хонадонида 80 дан ортиқ қуён парваришланмоқда. Яна бир фуқаро Дилфуза Қурбонбоевага янги тикув ускунасини сотиб олиши ва уйида маҳсулот ишлаб чиқариши учун 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит берилган. Улар каби яна кўплаб якка тадбиркорлар имтиёзли кредит маблағларидан самарали фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариб, маҳаллий бозорларимизга тақдим этмоқда.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА