Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Фарҳод Жўраев ЎзА мухбирига берган интервьюсида давлатимиз раҳбарининг “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитида илгари сурган ташаббуси – савдо ва транспорт алоқаларихусусида фикр билдирди.

– Президент Шавкат Мирзиёев Кўрфаз араб давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ва транспорт алоқасини мустаҳкамлаш йўлида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари Ўрта транспорт йўлаги бўйича энг қулай тарифлардан фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Стратегик аҳамиятга эга айни дастур инвестицияни рағбатлантириши, транспорт йўли орқали ўтувчи мамлакатлар ўртасида товар айланмасини ошириши мумкин.

“Ўрта йўлак” минтақалараро савдони ривожлантирмоқда. Бу рақамларда ҳам акс этмоқда: 2022 йил мазкур йўналишда юк ташиш миқдори 3,2 миллион тоннага етган. Яқин келажакда йўлнинг тахминий қуввати 10 миллион тоннага етиши мумкин.

Мазкур лойиҳанинг яна бир афзаллиги – Марказий Осиё давлатларидан юкни тезроқ ташиш имкони яратилади.

Ўзбекистон етакчиси ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини субсидиялаш масаласига ҳам тўхталди. Бу эса, ўз навбатида, коммуникация алоқаларини сезиларли даражада яхшилаш, юк, фуқаролар ҳаракатини осонлаштириш, ҳудудлараро савдо-сотиқни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Афғонистон орқали ўтадиган мултимодал йўлакдан фаол фойдаланиш Марказий Осиё ва Кўрфаз арабмамлакатлариўртасида транзит савдо ва товар айирбошлаш учун янги истиқбол очади.

Саммитда икки минтақа ўртасидаги энг яқин ва қулай йўналишни таъминлай оладиган Трансафғон темир йўлининг стратегик аҳамиятигаҳам урғуберилди. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мазкур автомагистралдан фойдаланиш транспорт харажати, шунингдек, юк етказиб бериш муддатини икки баробар қисқартиради.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди