Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг Туркия делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Аввал хабар берилганидек, олий даражадаги сиёсий мулоқотда кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари, икки томонлама муносабатларнинг янги истиқболларини белгилаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик, жумладан, глобал ва минтақавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ташриф доирасида Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиқиши, Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари вакиллари иштирокидаги бизнес форумида қатнашиши кўзда тутилган.
Ташриф дастуридан Туркия делегациясининг Бухоро шаҳрида бўлиши ҳам ўрин олган.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 30 апрель ва 1 май кунларига белгиланган.
ЎзА