Европа Иттифоқи ташқи ишлар идораси раҳбари Жозеп Боррель Украинага тўрт йил давомида ҳар йили 5 миллиарддан, жами 20 миллиард евро ажратишни таклиф қилди. Мазкур маблағ Европа тинчлик жамғармасидан ҳарбий ёрдам сифатида ажратилади.
Боррель таъкидлашича, бу Украинага нисбатан хавфсизлик соҳасида узоқ муддатли мажбуриятдан далолат бўлиб, айни масала Евроиттифоқ вазирларининг Испанияда бўлиб ўтадиган норасмий учрашувида батафсил муҳокама қилинади.
2021 йил март ойида ташкил этилган мазкур бюджетдан ташқари жамғарма (European Peace Facility – EPF) можароларни бартараф қилиш имкониятини ошириш ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўтган йил тузилма ушбу жамғармадан Украинага ёрдам бераётган аъзо давлатларга компенсация ажратиш учун фойдаланган эди. ЕИ дипломатияси раҳбари аввалроқ Брюссель Украинани зиддият тамом бўлгандан кейин ҳам қўллаб-қувватлашда давом этиши керак, дея баёнот берган. Қўшимча қилинишича, Украина армиясини модернизация қилиш ҳамда ҳарбий хизматчилар тайёрлаш бўйича саъй-ҳаракат тўхтамаслиги керак.