ФОТОРЕПОРТАЖ

Аввал хабар қилганимиздек, пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуида ёшлар ўртасида волейбол бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Қизлар ўртасида ўтган “Ўзбекистон-1” ҳамда “Ўзбекистон-2” жамоалари ўртасидаги баҳс жуда қизғин тус олди. Маҳорат бобида тенгдошларидан устун эканлигини ўйинда намоён эта олган “Ўзбекистон-1” жамоаси тенгдошларини 3:0 ҳисобида мағлуб эта олди. Қозоғистон ва Тожикистон қизлари ўртасидаги беллашув томошабинларнинг гулдурос қарсаклари ҳамда қўллаб-қувватловчи ҳайқириқлари билан бўлиниб турди. 1-бўлимда қозоғистонликларнинг қўли баланд келди 25:9, кейинги икки бўлимда ҳам қозоқ қизлари устунликни сақлаб қола билди – 25:17, 25:20. Шундай қилиб,   Қозоғистон-Тожикистон 3:0 ҳисобида ўйинни ғалаба билан якунлади.

Ўсмирлар ўртасидаги баҳслар куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтди. Биринчи бўлиб Эрон ҳамда Қозоғистон волейболчилари омадларини синаб кўрдилар. Қозоғистонлик ёшлар, қанчалик ҳаракат қилишмасин, эронликларга бас кела олмади – Эрон-Қозоғистон 3:0. Ўзбекистон-Покистон жамоалари ўртасида кечган баҳс кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Баҳснинг 5 бўлимга чўзилгани ҳам бундан далолат бериб турибди. 1-бўлимни 25:17 ҳисобида устунлик билан якунлаган волейболчиларимиз 2-бўлимда покистонликларга мағлуб бўлди – 15:25. Навбатдаги бўлимда ҳам покистонликларнинг қўли баланд келди – 22:25. 4-бўлимни шиддаткор ҳужумлари билан бошлаган ўсмирларимиз 25:21 ҳисобида ғалаба қозониб, умумий ҳисобни 2:2 га етказишди. Сўнгги ҳал қилувчи бўлим қисқа бўлим ҳисобланади. Бунда ҳисоб 15 гача олиб борилади. Жамоа якдил ҳаракат қилиб, ғалаба учун барча имкониятни ишга сола билди ва натижада 15:12 ҳисобида покистонликларни мағлуб этди. Шундай қилиб, Ўзбекистон-Покистон 3:2.

Ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилаётган Марказий Осиё чемпионати баҳслари 19 июлга қадар давом этади.

Азимхон БОЙХЎЖАЕВ (сурат), ЎзА